Тошкентда ёпилган автотураргоҳ ўрнида нима қурилиши очиқланди
Жамият
−
06 Декабрь 2019
12967Ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз, Истиқлол кўчалари ва Амир Темур шоҳ кўчаси кесишмасида (аҳоли орасида “UCELL рўпарасидаги автотураргоҳ”) ўрнида амалга оширилаётган лойиҳа юзасидан кўплаб муҳокамалар пайдо бўлди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати муҳокамалар мавзусига, хусусан, мазкур лойиҳа кимнинг ташаббуси билан ва қайси мақсадларда амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2018 йилнинг баҳор мавсумида Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомида иқтисодий ва инвестицион соҳаларда қатор келишувларга эришилган.
Ташриф натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги “Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
“Йўл харитаси”га мувофиқ, Туркиянинг “Çalık Enerji” компаниясининг 400,0 млн доллар инвестицияси асосида “Туркия бизнес маркази ва замонавий меҳмонхона ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган.
“Йўл харитаси”ни бажариш доирасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги “Тошкент шаҳрининг марказий қисмида кўп тармоқли комплекс қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 991-сонли қарори билан лойиҳанинг асосий параметрлари ва амалга ошириш манзили белгиланган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши жараёнида учта замонавий 15 қаватли бинонинг қурилиши кўзда тутилган. Улар меҳмонхона ва иккита бизнес марказидир. Улар остида икки қаватли ер ости автотураргоҳи ҳамда бинолар атрофида сайр қилиш учун яшил ҳудуд барпо этилиб, лойиҳа умумий 2,5 гектар майдонда, 400 млн. доллар миқдорида киритилаётган инвестиция ҳисобига амалга оширилади.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 200 та янги иш ўрни ташкил этилади.
Инвестор томонидан тақдим қилинган лойиҳага кўра, метро устида яшил ҳудуд барпо этилади. Шу билан бирга, дарахтларни кесиш учун рухсат беришга нисбатан амал қилаётган мораторийдан келиб чиқиб, дарахтларни зиёнсиз кўчириб ўтказиш масаласи кўриб чиқиляпти. Бирламчи режага кўра, лойиҳани амалга ошириш муддати уч йилни ташкил қилмоқда.