Олий Бош қўмондон уруш фахрийларини табриклади

Жамият

image

Ғалаба боғидаги амфитеатрда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Маросимда уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар жам бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун ўзбек халқини табриклади.

"Бугунги қутлуғ айёмда барчамиз, аввало, ўз жонини она юрт учун қурбон қилган ватандошларимизнинг руҳи поклари олдида бош эгиб таъзим қиламиз. Сизлар каби минглаб уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларини – азму шижоатли, довюрак ота-боболаримиз, сабр-матонатли оналаримиз, момоларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз", деди давлат раҳбари.

Бу йил карантин туфайли уруш ва меҳнат фахрийларининг аксарияти байрамни ўз уйларида нишонлади. Улар телевидение орқали бугунги тантанали маросимни тўғридан-тўғри кузатиб борди. 

"Сиз азизларнинг барчангизни ғойибона бағримга босиб, бугунги эркин ва озод ҳаётни таъминлаш йўлида кўрсатган мардлигингиз, Ватанга садоқатингиз учун ўз номимдан, халқимиз номидан раҳматлар айтиб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман".

Давлат раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар Ўзбекистонга тинчлик-осойишталик, элимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.

Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари, ҳарбий округлардаги байрам иштирокчиларига намойиш қилинди. 

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан видеоалоқа тизими орқали мулоқот қилди. 

Президент Ғалаба боғининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди.

Боғда Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар инсталляцияси, жумладан, темир йўл вокзали, окоплар барпо этилган, ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар  кўргазмага қўйилган.

Давлат раҳбари ушбу техникаларни ҳам кўздан кечирди.

"Ғалаба боғида аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, мазмунли дам олиш, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади", дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг