Сиёсат маданиятга кўчди. Россия-Озарбайжон можароси давом этмоқда

Олам

image

Россиянинг Новосибирск шаҳридаги “Глобус” театри Озарбайжон давлат академик рус драма театрининг иккита спектаклини бекор қилди. Бу ҳақда муассаса матбуот хизмати хабар берди.

“Ҳурматли томошабинлар! Озарбайжон давлат академик рус драма театрининг “Катта саёҳатлар” федерал дастури доирасидаги спектакллари бекор қилинди”, дейилади Новосибирск театрининг расмий порталида.

Новосибирск аҳолисига “Ботаник олим жаноб Жордан ва машҳур сеҳргар Дарвеш Масталишоҳ” ва “Гамлет” спектакллари мос равишда 28 ва 29 сентябрь кунлари намойиш этилиши керак эди.

“Минвал” нашрининг ёзишича, айнан Озарбайжон маданият муассасаси вакиллари ташрифини бекор қилишга қарор қилган.

“Самад Вурғун номидаги Озарбайжон давлат рус драма театрининг ўзи Россиядаги гастролларини тўхтатишга қарор қилди”, дейилади нашрда.

Ҳеч бир томон спектакллар бекор қилинишининг сабабини очиқламади. Қайд этиш жоиз, 2024 йилда театрнинг гастроллари бир вақтнинг ўзида Россиянинг иккита шаҳрида: Новокузнецк ва Кемеровода муваффақиятли бўлиб ўтган.

Шунга ўхшаш ҳолат 23-26 июль кунлари Бакуда ўтказлиши режалаштирилган Dream Fest  атрофида ҳам бор. Аввалроқ тадбир ташкилотчилари барча россиялик артистларни фестивал дастуридан (Егор Крид, Стас Пьеха, Клава Кока, шунингдек, “Руки Вверх!” гуруҳи) чиқариб ташлаган эди. Бунинг ортидан Россия Федерациясидан кўпчилик сайёҳлар Dream Fest- 2025'га боришдан бош тортди. Россияликлар чипталарини оммавий равишда қайтариб берганидан сўнг, Dream Fest мусиқа фестивали бошловчилари Милош Бикович ва Регина Тодоренко ўрнини маҳаллий юлдузлар – продюсер Ҳусния Магеррамова ва телебошловчи Мурод Дадашов эгаллади.

Оммавий ахборот воситалари мусиқа ижрочилари Озарбайжон Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи билан фестивал таркибидан четлаштирилгани ҳақида хабар берди.

“Озарбайжон Маданият вазирлигининг 29 июндаги хабари муносабати билан тадбир дастурига ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилган”, дея хабар берди фестивал матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойи охирида Озарбайжонда Россия давлат ва хусусий муассасалари томонидан режалаштирилган барча маданий тадбирлар бекор қилинганди. Бу қарор Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Екатеринбургда озарбайжонларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳаракатлари билан изоҳланди. Бекор қилинган тадбирларга концертлар, фестиваллар, томошалар, кўргазмалар ва бошқалар киради. Маданият вазирлигининг қайд этишича, фуқаролар олдиндан харид қилинган чипталарни савдо нуқталари ва онлайн платформалар орқали қайтаришлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made