Озарбайжон ва Россия ораси яна бузилди

Олам

image

Озарбайжондаги барча маданий тадбирлар, жумладан, Россия давлат ва хусусий муассасалари томонидан ўтказилиши режалаштирилган концертлар, фестиваллар, спектакллар, кўргазмалар бекор қилинди. Бу ҳақда Озарбайжон Маданият вазирлиги маълум қилди.

“Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Екатеринбургда этник асосда озарбайжонларга нисбатан кўргазмали, мақсадли ва судсиз қотиллик ва зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, сўнгги пайтларда бундай ҳолатлар тизимли тус олаётганини ҳисобга олиб, Россия давлат ва хусусий муассасалари томонидан Озарбайжонда ўтказилиши режалаштирилган маданий тадбирлар, жумладан, концертлар, фестиваллар, томошалар, кўргазмалар бекор қилинди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, чипталарни олдиндан сотиб олган фуқаролар пулни қайтариш учун тегишли савдо нуқталари ва онлайн платформаларга мурожаат қилишлари мумкин.

Бундан ташқари, Миллий Мажлис Матбуот ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими Миллий Мажлис раисининг биринчи ўринбосари Али Аҳмедов бошчилигидаги делегация Москвада бўлиб ўтиши керак бўлган Озарбайжон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг 23-йиғилишида иштирок этмаслигини билдирди.

Таъкидланишича, ташрифнинг бекор қилинишига “Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Екатеринбург шаҳрида этник асосда озарбайжонликларга нисбатан кўргазмали, мақсадли ва қонунга зид равишда содир этилган қотилликлар ва зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, сўнгги пайтларда бундай ҳолатлар мунтазам тус олгани” сабаб бўлган.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Озарбайжон парламент делегациясининг ташрифи бекор қилинди”, дейилади хабарда. 

Ҳаммаси нимадан бошланганди?

27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Федерал хавфсизлик хизмати томонидан озарбайжонликлар яшайдиган манзилларда ўтказилган рейдлар оқибатида Озарбайжон Республикаси фуқаролари вафот этганди. Рейдлар давомида 9 киши ҳибсга олинган.

Россия томони ўз баёнотида Екатеринбургда “ўтган йилларда содир этилган жиноятларни тергов қилиш доирасида бир қатор шахслар қўлга олингани, уларнинг уйларида тинтув ўтказилганини” маълум қилган. Рус ОАВнинг ёзишича, рейдлар чоғида “Boku Plaza” савдо марказида ҳам тинтув ўтказилган.

Қайд этилишича, Екатеринбургда 50 дан ортиқ озарбайжонлик ушланган, айримлари сўроқдан сўнг қўйиб юборилган. Бу ушлашлар 2001 йилда бир савдогар ўлдирилган ҳолат бўйича очилган жиноят иши доирасида амалга оширилган. Ўшанда марҳум “Каспий” кафеси ёнида пичоқланган. Қотилликда кафе эгалари ака-ука Зиёддин ва Ҳусай Сафаровлар гумонланувчига айланган. Марҳум жон беришидан олдин уларнинг исмларини айтган. Ўша вақтларда Сафаровларни жавобгарликка тортишнинг иложи бўлмаган. Ака-укалар 24 йил ўтиб, бу ишни аллақачон ёпилган деб ҳисоблаган.

Сафаровлар оиласининг танишига кўра, ҳибсга олиш чоғида ака-ука ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтган. Улар шифохонага ётқизилган. Ака-укалар вафот этган. 

Манбаларнинг хабар беришича, тергов доирасида Озарбайжон диаспораси раҳбари Шоҳин Шихлинский ҳам сўроқ қилинган. Бироқ Шихлинский бу маълумотларни “ёлғон ва бўҳтон” деб атаган.

Россиянинг Бакудаги элчихонасининг муваққат ишлар вакили Пётр Волоков Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга расмий норозилик билдирилган. Баёнотда айтилишича, рейд оқибатида икки озарбайжонлик ваҳшийларча ўлдирилган, бир неча киши оғир яраланган, тўққиз киши ҳибсга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made