Сирдарёдаги тошқинда жабрланган фуқароларнинг ҳужжатлари тиклаб берилади
Жамият
−
04 Май 2020
3492Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида сув омборининг ёрилиши натижасида эвакуация қилинган фуқароларнинг кўпчилиги ҳужжатларсиз қолган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.
Ҳозирги вақтда Давлат хизматлари агентлиги раҳбарияти Сирдарёда бўлиб, жойларда аҳоли билан учрашмоқда. ДХА Жиззах вилояти бошқармаси мутахассислари ҳужжатлари йўқолган фуқаролар рўйхатини шакллантирмоқда.
Хусусан, Жиззах олимпия захиралари мактаб-интернати ётоқхонасига жойлаштирилган 239 нафар Оқолтин тумани аҳолисининг 32 нафарида туғилганлик, никоҳ қайд этилганлик гувоҳномалари, фуқаролик паспорти, кадастр ҳужжатлари йўқолганлиги аниқланган.
Уларга Давлат хизматлари марказлари томонидан экстерриториаллик тамойили асосида мазкур ҳужжатлар қайта расмийлаштириб берилади.
Кеча Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Ғаллаорол туманлари ва Жиззах шаҳрига жами 10 629 нафар Сирдарё вилояти фуқаролари эвакуация қилинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, бугуннинг ўзида 1 608 нафар фуқароларнинг паспорт, гувоҳнома ва бошқа ҳужжатлари мавжудлиги юзасидан мониторинг ўтказилди. Шундан 292 фуқаронинг 94 нафарида паспорт, 134 нафарида туғилганлик, 64 нафарида никоҳни қайд этиш гувоҳномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Мониторинг ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарёда 1 май куни тонгда Сардоба сув омбори тўғони пикетларидан бирининг ёрилиб кетиши оқибатида сув тошқини юз берган, 2 май ҳолатига кўра, 70 мингга яқин аҳоли хавфсиз ҳудудга кўчирилган, камида 56 киши турли тан жароҳатлари билан касалхоналарга ётқизилган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатларини ДХХ олиб бориши белгиланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Сардобада сув тошқинидан жабр кўрганларга барча маҳсулотлар етказилгани ва уларда ҳозирча эҳтиёж йўқлигини билдирган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг яна Сирдарёга боргани ва Сардоба сув омбори ҳудудидаги тиклаш-таъмирлаш ишлари билан танишгани, тумандаги "Қўрғонтепа" маҳалласини бориб кўргани, у ерда аҳоли билан суҳбатлашгани ҳақида хабарлар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь