Сирдарёда террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олинди
3-саҳифа
−
11 Ноябрь 2021
11537Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Сирдарё вилоятининг Ховос туманида Суриядаги ҳудудидаги террорчилик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб қолган шахслар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Аниқланишича, Ховос туманида яшовчи Б.Т. ва унинг бир нечта ҳамфикрлари Интернет орқали Сурия Араб Республикаси ҳудудидаги террорчилик ташкилотлари аъзоларининг таъсирига тушиб, яқин алоқалари орасида экстремистик мазмундаги, хусусан “жиҳод”га чорловчи материалларни мунтазам равишда тарқатиб келганлар. Шунингдек, гуруҳ етакчиси Б.Т.нинг келгусида Сурияга бориб, террорчи гуруҳлар таркибига қўшилишни мақсад қилганини тасдиқловчи маълумотлар олинган.
Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув жараёнида, уларнинг уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мавжуд материаллар асосида B.T.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида у ҳибсга олинди.
Ҳозирда Б.Т. ва унинг алоқаларига нисбатан тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси