Сирдарёда 6 киши тиббиёт ходимларини сабабсиз калтаклади
Жамият
−
05 Июнь 2020
11170Кеча, 4 июнь куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Бирлашган” тез тиббий ёрдам шохобчаси навбатчи врачи ва навбатчи фельдшери калтакланди.
Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказнинг Сирдарё вилоят филиалида ўрнатилган Call-марказига Сайхунобод тумани Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро А.Б.ни тоби қочганлиги боис ўша маҳалла ҳудудидан ўтувчи канал бўйига тез тиббий ёрдам сўраб тунги соат 00:13 да мурожаат қилишган.
Натижада Республика шошилинч ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали тез тиббий ёрдамнинг Call-маркази чақирувни Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Бирлашган” тез тиббий ёрдам шохобчасига узатган.
Гулистон шаҳридаги Тез тиббий ёрдамининг Call-марказига келиб тушган чақириққа асосан “Бирлашган” тез тиббий ёрдам шохобчасининг 20 382 МАА рақамли Damas русумидаги тез тиббий ёрдам автомашинасида навбатчи врач Ж.О. ва навбатчи фельдшер В.Н. чақириқ манзилига тунги соат 00:21 да етиб боришган.
Чақириқ манзилида эса 6 нафар маст ҳолатдаги фуқаролар кутиб олишган ва етиб келган навбатчи фельдшер ва навбатчи врачни машинадан тушиши билан сабабсиз калтаклашган. Натижада 1992 йилда туғилган навбатчи врач Ж.О. “БМЁЖ Бош мия чайқалиши. Ўнг қош соҳаси эзилган-йиртилган жароҳати. Ўнг кўз параорбитал гематомаси. Кўкрак қафаси ўнг томонлама юмшоқ тўқимаси лат ейиш” ташхиси билан ҳамда 1976 йилда туғилган навбатчи фельдшер В.Н. “БМЁЖ. Бош мия чайқалиши. Ўнг қўл В-кафт суягининг асосидан ёпиқ синиши. Чап чакка соҳаси бурун ва чап ёноқ соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши. Юқори лаб ички ва ташқи юзаси тери ости гематомаси. Ўнг кўз пастки қовоқ соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши” ташхиси билан Сайхунобод тумани тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига тунги соат 02:00 да ётқизилган.
Туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими шифокорлари врач Ж.О. ва навбатчи фельдшер В.Н.га тегишли тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ушбу ҳодиса иштирокчиси бўлган 1980 йилда туғилган фуқаро Ш.Қ. ва А.Б.ни тунги соат 02:00 да туман Ички ишлар бўлими ходимлари Сайхунобод тумани ТТБ олиб келишганида улар ўта маст ҳолатда бўлган.
Маст ҳолатда бўлган 1973 йилда туғилган А.Б.нинг ўнг тизза бўғим соҳаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши ва шилингани боис унга туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими навбатчи шифокори, врач-хирург Жўрабой Аширов томонидан амбулатор ёрдами кўрсатилган.
Айни чоғда ушбу ҳолат юзасидан Сайхунобод туман Ички ишлар бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.