Сингапурда туғилган чақалоқларда коронавирусга қарши антитаналар аниқланди
Олам
−
18 Декабрь 2020
3413Сингапурда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳомиладорлик пайтида COVID-19 га чалинган аёлларнинг ҳолати ўртача аҳолига нисбатан ёмон бўлмаган ва уларнинг фарзандлари коронавирусга қарши антитаналар билан туғилган. Бу ҳақда "The Guardian" маълумот бермоқда.
Таъкидланганидек, тадқиқот 16 нафар аёлда ўтказилган. Унга кўра, ҳеч қандай ҳолатда вирус болага юқмаган.
Аксарият оналарда ушбу касаллик нисбатан енгил ўтган. Ортиқча вазнга эга ёши катта оналарда эса оғир ҳолатлар кузатилган. Барча аёллар касалликни енгган.
Тадқиқот натижалари нашр этилгунга қадар, беш нафар аёлнинг кўзи ёриган, чақалоқларнинг барчасида коронавирусга қарши антитаналар бўлган. Икки аёл ўз фарзандидан айрилган ва битта ҳолатда тадқиқотчилар бу касалликдан кейинги асоратларнинг натижаси эканини истисно қилмаган.
Шунингдек, Сингапурда жорий йилнинг ноябрь ойида онаси март ойида коронавирусга чалинган янги туғилган чақалоқда коронавирусга қарши антитаналар аниқланган. Чақалоққа инфекция юқмаган. Чақалоқдаги антитаналар қанча вақт сақланиб қолиши ва улар инфекциядан ҳимоя қилиш-қилмаслиги ҳақида аниқ хулоса бўлмаган.