Сингапурда коронавирусга қарши кураш доирасида ноодатий тақиқлов жорий этилди
Олам
−
08 Апрель 2020
9359Сингапур парламенти маҳаллий аҳолига меҳмонга боришни, зиёфат уюштиришни ва кўчада бирон-бир тадбир ўтказишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда “The Straits Times” газетаси ёзмоқда.
“Ҳужжат ҳукуматга фуқароларнинг ижтимоий алоқаларини, шу жумладан, хусусий мулк билан боғлиқ масалаларни назорат қилиш учун қўшимча имкониятлар беради”, деб таъкидлади Республика соғлиқни сақлаш вазири Гань Ким Юн.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, “мамлакат аҳолисининг аксарияти оммавий тадбирлардан қочиш учун ҳукумат тавсияларига амал қилади”. Бироқ, унинг сўзларига кўра, “баъзида, масалан, хиёбонларда, оммавий машғулотларда, ҳукумат чақирувларига амал қилмайдиганларни учратиш мумкин”. Янги қонун ижтимоий масофа талабларини бузганларни жавобгарликка тортишга имкон беради.
Қоидабузарларни олти ойгача қамоқ ва / ёки 10 минг сингапур доллари (тахминан 7 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима жазоси кутади. Бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда қамоқ муддати ва жарима миқдори икки баравар кўпаяди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Сингапурда коронавирусга 1 481 нафар одам чалинди. 377 бемор шифо топган бўлса, 6 киши вафот этди.