Сиднейда отишма. Бош вазир қуролларни чеклашни таклиф қилди

Олам

image

Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе қурол тўғрисидаги қонунларни янада қатъийлаштириш ниятида эканини билдирди. Бу таклиф Сиднейдаги Бонди пляжида яҳудий жамоаси аъзоларига қарши содир этилган ҳужумдан сўнг илгари сурилди. Бу ҳақда “The Sydney Morning Herald” хабар берди.

Альбанезенинг айтишича, қурол қонунчилигига оид ислоҳотлар масаласи бугун, 15 декабрь куни штатлар бош вазирлари иштирокида бўлиб ўтадиган Миллий вазирлар кабинети йиғилишида муҳокамага қўйилади.

Хусусан, жисмоний шахслар эгалик қилиши мумкин бўлган қуроллар сонини чеклаш ҳамда қуролга берилган лицензияларни вақти-вақти билан қайта текшириб бориш таклиф этилмоқда. 

“Одамлар вақт ўтиши билан радикаллашиши мумкин. Лицензиялар муддатсиз бўлмаслиги керак”, деган вазир. 

14 декабрь куни Сиднейдаги машҳур Бонди пляжида содир бўлган отишма оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлган. ОАВ хабарига кўра, яна 38 нафар жабрланганга шифохоналарда ёрдам кўрсатилган. Ҳодиса яҳудийларнинг Ҳанука байрами бошланишига бағишланган тадбир вақтида юз берган.

Янги Жанубий Уэльс штати Бош вазири Крис Миннс отишма “Ҳануканинг биринчи кунида Сидней яҳудий жамоасига атайлаб қаратилган”ини айтиб, ҳодисани террорчилик ҳужуми, деб атаган. 

Полиция маълумотига кўра, икки гумонланувчидан бири отиб ўлдирилган, иккинчиси эса оғир яраланган ҳолда қўлга олинган. Отишмачилардан бири воқеа жойидаги мусулмон фуқаро томонидан қуроли тортиб олинган ҳолдаа зарарсизлантирилган. Бу жасорати учун уни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам мақтаган.

Тергов маълумотларига кўра, ҳужумни амалга оширган шахслар ота ва ўғил бўлган. Полиция 50 ёшли отанинг олти дона ўқотар қуролга эгалик қилиш учун расмий лицензияси бўлганини тасдиқлаган. 15 декабрь куни 24 ёшли ўғил шифохонада оғир аҳволда қолаётгани маълум қилинган.

Бу йил яҳудийларнинг Ҳанука байрами 14 декабрдан 22 декабргача давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Австралия Сидней Энтони Альбанезе

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг