Си Цзиньпин Мирзиёевга табрик йўллади
Жамият
−
10 Июль 2023
3833Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти сайловидаги ғалабаси билан табриклади. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар берди.
“Сиз билан яхши иш муносабатлари ва шахсий дўстликни юксак қадрлайман ҳамда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни доимий равишда ривожлантириш, шунингдек, муштарак тақдирли хитой-ўзбек ҳамжамиятини барпо этишга янги суръат бағишлаш учун ҳамкорликни давом эттиришга тайёрман”, дейилади Хитой Раисининг телеграммасида.
Шунингдек, Си Цзиньпин сўнгги йилларда Хитой-Ўзбекистон муносабатлари тезкор ривожланишга эришганини, турли соҳалардаги ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 июль куни Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди. Натижаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан 7 йил муддатга сайланди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари табриклади.