Си Цзиньпин Хитой армиясини ҳақиқий урушга тайёргарлик кўришга чақирди
Олам
−
13 Апрель 2023
13253Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин мамлакат армиясини ҳақиқий урушга тайёргарлик кўришга чақирди. Бу ҳақда "Синьхуа" агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, кеча, 12 апрель куни Хитой раҳбари мамлакат Халқ озодлик армияси ҳарбий қўмондонлигининг жанубий зонасини текшириш вақтида ҳарбийларни ҳақиқий жанговар ҳаракатларни ҳисобга олган ҳолда тайёргарликни кучайтиришга чақирган.
"Ҳақиқий жанговар ҳаракатларга йўналтирилган ҳарбий тайёргарликни кучайтириш, ҳарбий ва операцион масалаларни ўрганишни чуқурлаштириш, операцион тушунчалар ва жанговар ўқитиш усулларини янгилаш керак. Қарама-қарши тайёргарликни кучайтириш ва асосий масалаларга эътибор қаратиш керак", деган у.
Унинг сўзларига кўра, Хитой армиясининг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун янги кучлар ва воситалар устида ишлаш керак.
"Қўшинларнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун ҳарбийларни ўқитиш ва бошқаришни кучайтириш керак. Барча даражаларни, айниқса, бошқарув кадрларни ўқитиш лозим. Офицерлар ва аскарларни жанговар қўмондонликнинг Жанубий зонасида денгиз флоти қурилишида доимий равишда янги вазият яратишга ўргатиш керак", дея таъкидлайди Си Цзиньпин.
Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда Пекин ҳарбий тайёргарлик бўйича янги қонунлар, Тайвань бўғози бўйлаб жойлашган шаҳарларда ҳаво ҳужумидан яшириниш учун бошпаналарни ҳамда "Миллий мудофаа сафарбарлиги" идораларини жорий қилган.
Нашрда эълон қилинган мақолада айтилишича, ҳозирча воқеалар ривожи нима билан тугашини айтишга эрта. Бироқ агар Си Цзиньпин урушга тайёрлигини айтган экан, унинг гапини жиддий қабул қилиш керак. Нашр Хитойнинг урушга тайёрланаётган бўлиши мумкинлигининг исботи сифатида бир неча аломатларни келтирган. Хусусан, Си Цзиньпиннинг Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ва Хитой Халқ сиёсий маслаҳат конференциясининг бу йилги йиғилишларида сўзлаган нутқи Хитой нашрларидан бирида эълон қилинган. Унда Хитой раҳбари миллий мудофаа ва армияни модернизация қилишни тезлаштириш кераклигига урғу берган. Нутқ давомида АҚШга ҳам шаъма қилинган.
"Бизга таъсир қилиши мумкин бўлган урушлар олдида душманлар билан улар тушунадиган тилда гаплашишимиз ҳамда тинчлик ва ҳурмат қозониш учун ғалабадан фойдаланишимиз керак. Янги даврда Халқ Армияси жангларни тўхтатиш учун куч ишлатишни талаб қилмоқда. Армиямиз жанговар маҳорати, кучли жанговар руҳи билан машҳур. У фақат милтиқлар ёрдамида Америка техникаси билан жиҳозланган Гоминдан армиясини мағлуб этди. У Корея жанг майдонида тиш-тирноғигача қуролланган дунёнинг биринчи рақамли душманини мағлуб этди ва дунёни ларзага солди", дейилади унда.
Хитой раҳбарининг эҳтимолий урушни режалаштираётганига оид ишоралар олдинроқ, ўтган йилнинг декабрь ойида ҳам пайдо бўлган. Ўшанда Пекин Халқ озодлик армиясига захира кучларни осонроқ фаоллаштириш ва уруш пайтида жанговар қўшинларни тўлдириш тизимини ташкил этиш имконини берадиган янги қонунни эълон қилганди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Хитой Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина урушидаги муваффақиятсизлигидан ҳарбий сафарбарлик жорий қилиш бўйича етарлича сабоқ чиқарган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Foreign Affairs” нашри Си Цзиньпин Хитойни Тайванга бостириб киришга тайёрлаётганини маълум қилганди. Унга кўра, Цзиньпин Хитой парламенти ва унинг олий сиёсий маслаҳат органининг йиллик йиғилишида тўртта нутқ орқали ушбу мавзуни ёритиб берган. Нутқ давомида у генераллардан бирига "жанг қилишга журъат этинг", деб таъкидлаган.
LiveБарчаси