Си Цзиньпин BRICS саммитига етиб борди (видео)
Олам
−
22 Август 2023
7161Хитой раиси Си Цзиньпин Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган BRICS'нинг XV саммитида қатнашиш учун етиб борди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг сайтида маълум қилинди.
“Ассоциацияда иштирок этаётган давлатлар раҳбарларининг жорий саммити BRICS механизмини ривожлантириш тарихидаги муҳим босқич бўлиб, ривожланаётган давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада юқори даражага кўтаришига ишонаман", дейилади Си Цзиньпиннинг баёнотида.
Хитой раҳбари бутун сайёрада тинчликни биргаликда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида Африка давлатларининг юқори ҳокимиятлари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини урғулаган.
Шунингдек, у BRICS глобал иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшишини таъкидлаган.
Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, ассоциация аъзолари глобал бошқарувни оптималлаштирган ва халқаро муносабатларни демократлаштиришга ёрдам берган конструктив кучга айланди.
Маълумот ўрнида, BRICS таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради. Саммит 22-24 август кунлари Жанубий Африкада бўлиб ўтади. Ушбу саммитда Россия Президенти Владимир Путин видеоалоқа орқали иштирок этади. Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этмоқда. Чунки Путин Жанубий Африкага борса ҳибсга олиниши мумкин.
Гап шундаки, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. Шундан сўнг, ХЖСга аъзо бўлган Жанубий Африка ҳукумати Владимир Путинни Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этишдан бош тортишга чақирган.