Швейцариядаги курортда бар портлади. Бир неча киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
01 Январь 2787 2 дақиқа
Швейцариянинг Кран-Монтана шаҳрида (Вале кантони) Янги йил кечасида барда портлаш ва ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган. Бу ҳақда маҳаллий RTS ва “Blick” нашрлари хабар берди.
Воқеа маҳаллий вақт билан соат 01:30 атрофида Янги йил нишонланаётган пайтда, икки қаватли Le Constellation барида юз берган. Ертўла қисмида бир ёки бир нечта портлаш овози эшитилган, шундан сўнг ёнғин чиққан. “Blick” нашрининг ёзишича, тахминларга кўра, ёнғинга концерт вақтида қўлланган пиротехника сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Полиция маълумотига кўра, камида икки киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар оғир тан жароҳатлари олган. Ҳуқуқ-тартибот органлари жабрланганларнинг аниқ сонини ҳам, ҳодисанинг сабабини ҳам ҳозирча очиқламаган.
Воқеа жойида фавқулодда хизматлар ишламоқда, вертолётлар жалб этилган, ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг қариндошлари учун “иссиқ линия” очилган.
RTS манбаси ушбу ҳодисани “йирик фалокат” деб атаб, қурбонлар сони бўйича 2012 йилда Швейцариянинг Сер шаҳрида содир бўлган автобус ҳалокати билан қиёслаш мумкинлигини билдирган. Ўшанда 28 киши ҳалок бўлган. Нашрга кўра, Le Constellation бари бир вақтнинг ўзида 400 кишини сиғдира олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Сулавеси оролида жойлашган қариялар уйида йирик ёнғин содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлган.
Live
Барчаси