Швейцариядаги банк Гулнора Каримова иши бўйича пул ювишда айбланди
Олам
−
29 Ноябрь
7215Швейцария федерал прокуратураси Lombard Odier хусусий банкига Гулнора Каримованинг ишида оғирлаштирувчи ҳолатлар билан боғлиқ пул ювиш айбловини қўйди. Бу ҳақда “Financial Times” нашри хабар берди.
Прокурор айбловларига кўра, Швейцариянинг энг нуфузли молиявий институтларидан бири бўлган Lombard Odier йиллар давомида “ҳал қилувчи роль” ўйнаб, Гулнора Каримованинг жиноятларини яширишга ёрдам берган ва катта миқдорда пул ювган. Маълумотларга кўра, пул маблағлари Lombard Odier банкида очилган тўққизта ҳисоб рақами орқали қоидаларга зид равишда ўтказилган.
Шунингдек, Швейцария прокуратураси банкнинг собиқ ходимларидан бирига ҳам айбловлар қўйган. Унинг банкка ишга киришидан олдинроқ Каримованинг қўлида ишлагани айтилмоқда.
Банк эса барча айбловларни рад этиб, уларни “асоссиз” деб атаган. Банк муносабатига кўра, собиқ мижози ҳақида ўн йилдан кўпроқ вақт олдин Швейцариянинг пул ювишга қарши кураш идораларига мустақил равишда хабар берганидан кейин тергов бошланган.
“Банкка нисбатан айбловлар асоссиз ва банк ўзини ҳимоя қилишни режалаштирмоқда. Жараён 2012 йилдан бери давом этмоқда ва банк ҳар доим тегишли органлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилиб келган”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, 2023 йилнинг сентябрида Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримовага жиноий ташкилотда иштирок этиш ва пул ювиш бўйича айбловлар эълон қилган. Хусусан, Каримова Ўзбекистонда манфаатли шартномалар тузишдан умидвор халқаро компаниялардан доимий равишда пора олиб, миллиардлаб пулларни ўзлаштирганликда айбланган.
2022 йил август ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва Швейцария ҳукумати Гулнора Каримованинг 131 миллион доллар миқдоридаги активларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича якуний келишувни имзолаган. Мазкур маблағлар БМТ тизимига тегишли бўлган Uzbekistan Vision 2030 кўп томонлама ишонч жамғармаси орқали қайтарилмоқда. Ушбу маблағлар ҳисобидан лойиҳаларни БМТнинг тегишли агентликлари Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда амалга оширади.
Шунингдек, Ўзбекистон Адлия вазирлиги яна Швейцариядан 350 миллион доллар ва Бельгиядан 240 миллион доллар миқдоридаги активларни қайтариб олишга умид қилаётганини маълум қилган.
Гулнора Каримова 2015 йилнинг август ойида Ўзбекистонда товламачилик ва солиқлардан бўйин товлаш айбловлари билан судланган. 2017 йилнинг 18 декабрида унга янги жиноят иши доирасида 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. 2020 йил 18 мартда яна бир жиноят иши доирасида унинг қамоқ муддати 13 йил 4 ойгача узайтирилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги АҚШ, Швейцария, Франция, Россия ва Латвия каби давлатлар билан биргаликда Каримованинг умумий миқдори 1,3 миллиард доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу давлатларда ҳам Каримова активлари билан боғлиқ жиноят ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, 2020 йилнинг январида Ўзбекистон Бош прокуратураси Швейцариядан 70 та санъат асарини қайтариб олиш ниятини билдирган. Шу йилнинг май ойида Адлия вазирлиги мамлакатнинг Франциядан 10 миллион долларлик активларни қайтариб олганини эълон қилган.
LiveБарчаси