Швециянинг илк аёл Бош вазири сайланганидан бир неча соат ўтиб, истеъфога чиқди

Олам

image
0:00
0:00
download

Швеция Социал-демократик меҳнат партияси раҳбари Магдалена Андерссон ҳукумат раҳбари сифатида бир суткадан камроқ вақт ўтказганидан сўнг бош вазирлик лавозимидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Radio Sweden” хабар берган.  

“Швециянинг янги сайланган Бош вазири Магдалена Андерссон парламентдаги овоз беришда Бош вазир этиб сайланганидан бир неча соат ўтиб истеъфога чиқди”, дейилган хабарда. 

Швециянинг бир палатали парламенти Риксдаг кеча, 24 ноябрь куни Андерссонни ҳукумат раҳбари этиб тасдиқлаган ва у мамлакат тарихида бу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлганди. 

Шундан сўнг депутатлар мухолифат таклиф қилган ҳужжатга овоз бериб, ҳукумат бюджети лойиҳасини қўллаб-қувватлашдан бош тортган. Ушбу овоз бериш натижасида Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш партияси Швециядаги озчилик ҳукуматини ташкил этувчи коалициядан чиқди. Андрессон эса истеъфога чиқишини эълон қилди.

Маълумот ўрнида, ноябрь ойи бошида Стефан Лёвен Швеция Бош вазири лавозимини тарк этганди. У 2012 йилдан бошлаб Швеция Социал-демократик партиясини бошқарган ва 2014 ва 2018 йилларда партияни иккита сайловда ғалаба қозонишига сабабчи бўлган. Бироқ, сўнгги пайтларда партия фаолияти анча сустлашган. Бу Швеция фуқаролари ўртасида ўтказилган сўровлар натижаларида ўз аксини топган. Лёвеннинг таъкидлашича, 2022 йилги сайловлар олдидан партияга янги раҳбар тайинланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Швеция Бош вазир

Баҳолаганлар

315

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг