Швеция Украинага 1,2 млрд долларлик ҳарбий ёрдамни эълон қилди
Олам
−
31 Январь
1690Швеция Мудофаа вазири Пол Йонсон Украинага умумий қиймати 1,23 миллиард АҚШ доллари бўлган ёрдам пакетини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг Х'даги саҳифасида баёнот берди.
Унга кўра, бу Россия босқини бошланганидан бери Стокгольм томонидан берилган 18-ёрдам пакети бўлиб, маблағ миқдори бўйича энг каттаси ҳисобланади.
Йонсонга кўра, тахминан 90 миллион доллар Швеция томонидан Украинанинг ўзида узоқ масофага учувчи ракета ва дронлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади. (Бунгача Дания ҳам шундай инвестициялар ҳақида эълон қилган.)
Ёрдам пакетининг чорак қисми Швеция армияси захираларидан ажратилган қуроллардан иборат бўлиб, уларга қуйидагилар киради:
- 16 та ҳарбий катер (аввал етказиб берилган 16 та катердан ташқари);
- 1 500 та танкка қарши ракета;
- 200 та АТ4 гранатомёти.
Бундан ташқари, Молдовага ҳам ушбу гранатомётлардан юборилиши режалаштирилган, бироқ уларнинг аниқ сони ошкор қилинмаган.
“Ёрдамнинг 45 фоизи ёки 534 миллион доллари Швеция ва Европада Украинага мўлжалланган янги қуролларни ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Бу борада Швеция ҳукумати ҳозирда қурол етказиб берувчилар билан музокаралар олиб бормоқда”, дейди вазир.
Унга кўра, устувор йўналишлар – артиллерия, дронлар ва узоқ масофага мўлжалланган қуроллар бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Украина ва Молдовадаги украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 148 миллион евро гуманитар ёрдам ажратган эди. 140 миллион евро маблағ Украинадаги гуманитар лойиҳаларга йўналтирилади. Хусусан, пуллар озиқ-овқат, бошпана, тоза сув, соғлиқни сақлаш ва қишки шароитда ҳимоя каби фавқулодда ёрдамга сарфланади. Асосий эътибор шарқий ва жанубий Украинадаги можародан зарар кўрган ҳудудлардаги заиф аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қолган 8 миллион евро эса Молдовадаги гуманитар лойиҳаларга – украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилади.
LiveБарчаси