Швеция Россияни тийиб туриш учун чегарага аскар юборди
Олам
−
18 Январь
3659Швеция НАТОнинг қуруқликдаги биринчи миссияси доирасида Латвиядаги Россия билан чегара ҳудудига хавфсизлигини таъминлаш учун 600 нафар ҳарбий хизматчини жўнатди. Бу ҳақда швед подполковниги Хенрик Росдал SVT телеканалига маълум қилди.
Билдирлишича, қўшинларнинг жўнатилиши махфий тарзда денгиз орқали амалга оширилган. Олти ой давомида швед батальони Латвия-Россия чегараси хавфсизлигини таъминлайди. Миссиянинг асосий мақсади – Россияни жиловлаш ва НАТО мамлакатларининг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларнинг олдини олиш.
Маълумот учун, швед ҳарбийлари охирги марта 1990 йилларда Европада тинчликни сақлаш миссиясида иштирок этган. Ўшанда улар Косоводаги операцияларга жалб қилинган эди. Кейинроқ улар Мали ва Афғонистондаги можаролар ҳудудига юборилган.
“Аввалги операцияларда биз тинчлик ўрнатиш билан шуғулланган бўлсак, бу сафар тинч мамлакатга йўл олдик ва вазифамиз урушнинг олдини олиш. Биз бу ерда (Латвияда) Россияни тийиб туриш учун турибмиз”, деди Жанубий Сконе полки P7 ходими Маркус Нильссон.
Қайд этиш жоиз, Швециянинг НАТОга қўшилиши Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши фонида амалга ошди. Кремлнинг агрессияси Финляндияни ҳам альянсга қўшилишга ундади, бу эса НАТОнинг Россия билан чегарасини 1300 км га оширди. Финляндия 2023 йилда, Швеция эса 2024 йил баҳорида расман НАТО аъзоси бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов Россия Мудофаа вазирлиги фаолияти келгуси йилларда учта омилни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилишини маълум қилган эди. Унга кўра, биринчи омил Украинадаги жанговар ҳаракатлар, иккинчи омил яқин ўн йилликда НАТО билан бўлиши мумкин бўлган урушга тайёргарлик, учинчи омил эса технологияларни ривожлантириш.
LiveБарчаси