Россия НАТО билан урушга тайёргарлик кўради
Олам
−
17 Декабрь
7105Россия Мудофаа вазирлиги фаолияти келгуси йилларда учта омилни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Биринчи омил Украинадаги жанговар ҳаракатлар, иккинчи омил яқин ўн йилликда НАТО билан бўлиши мумкин бўлган урушга тайёргарлик, учинчи омил эса технологияларни ривожлантириш. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Россия ўрта муддатли истиқболда ҳар қандай вазиятнинг ривожланишига тайёр бўлиши керак.
“Бунга Европада яқин ўн йилликда НАТО билан бўлиши мумкин бўлган ҳарбий можарони ҳам қўшиш мумкин. Бу ҳақда шу йилнинг июль ойида бўлиб ўтган Шимолий Атлантика альянси саммитида қабул қилинган қарорлар ишора қилмоқда”, деди Андрей Белоусов.
Вазирнинг таъкидлашича, Украинадаги жанговар ҳаракатлар билан бир қаторда Россия Марказий Осиё ва Африка мамлакатларида, Кавказ ва Приднестровьеда алоҳида вазифаларни бажариши ва ҳарбий иштирокни таъминлаши керак. Бундан ташқари, мамлакат “илғор технологияларни жадал ривожлантириши” лозим. Белоусов сунъий интеллект, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва уларни юқори тезликда узатиш каби технологияларни шу соҳада муҳим деб атаган.
Маълумот учун, жорий йил ноябрь ойининг охирида Владимир Путин Ғарбнинг узоқ масофали ракеталари Россия ҳудудида қўлланилганидан кейин Украинадаги можарода “глобал тус элементлари” пайдо бўлганини айтганди. 2024 йил бошида эса НАТОга аъзо баъзи давлатларнинг расмий вакиллари ҳам альянс ва Россия ўртасида ўн йил ичида можаро бошланиши эҳтимолини инкор этмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте Россия узоқ вақтдан бери НАТО давлатларига қарши яширин эмас, балки очиқ уруш олиб бораётганини айтганди.
LiveБарчаси