Швеция Россия биқинига кемалар ва самолётларни йиғишни бошлади

Олам

image

Швеция Финляндияга Gripen қирувчи самолётлари ва ҳарбий кемаларини юборади. Мамлакат ҳарбийлари камида 2026 йил охиригача Финляндия ҳудудини ҳимоя қилишда иштирок этади. Бу ҳақда Финляндия мудофаа кучлари хабар берди.

Қайд этилишича, Швеция техникаси ҳаво кузатувини кучайтиради ва Финляндия мудофаа кучларига ёрдам беради. 

“Швеция хавфсизлик вазияти ёмонлашгани муносабати билан ҳаво мудофаасини кучайтириш бўйича Финляндиянинг илтимосига жавоб берди”, дейди Швеция Мудофаа вазири Пол Йонсон. 

Унинг сўзларига кўра, келишувга мувофиқ, швед ҳарбийлари зарур ҳолларда Финляндияга ўз ҳудудига қилинган ҳужумларни қайтаришда ёрдам бериши мумкин. Стокгольм иқтисодиёт мактаби ходими Мэттью Хефлернинг айтишича, расмийлар шведларни Европанинг жамоавий хавфсизлигида иштирок этишга тайёрламоқда.

Қайд этиш жоиз, Финляндия ва Болтиқбўйи мамлакатлари ҳаво ҳудудига учиб кираётган дронлардан хавотирда. Украина Болтиқ денгизидаги Россия портларига ҳужумларни кучайтирмоқда, аммо баъзи дронлар Россиядаги нишонларга етиб бора олмаяпти, бу эса қўшни мамлакатларда хавфсизликни кучайтиришни талаб қилади. 

Жорий йилнинг 1 июнь куни “Helsingin Sanomat” нашри Украина адашиб Финляндия томон дронларни учиргани ҳақида ёзган. Газета манбаларининг айтишича, Киев Хельсинкини ушбу хатолик ҳақида огоҳлантирган. Уусимаа вилояти аҳолиси бошпаналарга яширинишига тўғри келган, шунингдек, ҳаво қатнови ҳам тўхтатилган. Кўп ўтмай Финляндия ва Европа Иттифоқи расмийлари чегара хизматига дронларга қарши курашиш учун ускуналар сотиб олишга 44 миллион евро ажратган.

Маълумот учун, 2023 ва 2024 йилларда НАТОга аъзо бўлган Финляндия ва Швеция мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирди. Швециянинг Saab компанияси Финляндиядан RBS 70 NG зенит-ракета комплексларини етказиб бериш бўйича 126 миллион долларлик буюртма олганини маълум қилди. Финляндия ва Швеция мудофаа харажатларини оширмоқда. 2026 йилда Финляндиянинг ҳарбий харажатлари ЯИМнинг тахминан 2,5 фоизини ташкил этади, ҳукумат эса 2029 йилга келиб уларни ЯИМнинг 3 фоизига етказмоқчи. Швеция мудофаага ЯИМнинг тахминан 2,8 фоизини сарфламоқда ва 2030 йилга бориб харажатларни 3,5 фоизга етказмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия Президенти Александр Стубб мамлакат ҳудудига ядровий қуролни импорт қилишга рухсат бергани ҳақида хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг