Шуҳрат Ғаниев жудаям зиддиятли шахс – Депутат амакиси ўзгараётганини иддао қилди

Жамият

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев амакиси – тез-тез турли можаролар марказида қолувчи Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида фикрларини билдирди.

Дониёр Ғаниев Фарғона вилояти ҳокимининг жияни (акасининг ўғли) эканига оид гап-сўзлар рост эканини таъкидлаб, амакиси ҳақиқатда зиддиятли шахс бўлиб, жамоатчиликда у ҳақда яхши тасаввур шаклланмаганини очиқ эътироф этди. Бироқ унинг ўта меҳнаткаш, талабчан, юртига ва давлат раҳбарига садоқати борасида ҳатто шубҳага ўрин йўқлигини алоҳида қайд этган.

“Борича айтиш керак. Шуҳрат Мадаминович жудаям зиддиятли шахс. Ижтимоий тармоқларда турли аудиоёзувлар натижасида халқ кўз ўнгида нотўғри сиймо шаклланиб қолган. Аммо мен сизга икки одам: Шуҳрат Мадаминович ва амаким ҳақида гапиришим мумкин. Биринчи навбатда Шуҳрат Мадаминович ҳақида гапирадиган бўлсам, вилоят ҳокимиятида ишладим, бу инсон менга устоз, ундан жуда кўп нарсани ўргандим. Одамлар ҳар хил гапларни гапираверади. Аммо олдин у билан ишлаб, кейин унга баҳо берса, тўғри бўлади. Чунки у билан ишлаган вақтларимда, бу одамдек, ватанпарвар ва қаттиқ меҳнат қиладиган инсонни кўрмадим жуда кўпчилик “сен жияни бўлганинг учун юмшоқ муаомала қилади”, дейишган. Лекин мен вилоят ҳокимининг қабулхонасидан қўнғироқ бўладиган бўлса, қўрқадиган бўлиб қолганман. Шу даражада талабчан”, дея амакиси ҳақида гапирган ёш депутат.

Шундан сўнг, депутат ҳоким Шуҳрат Ғаниев эски бошқарув шаклига мослашганини ва ўзини ўзгартириб бораётганиин айтиб ўтди. Шу билан бирга амакисининг давлатга ва Президентга садоқатли эканини алоҳида эътироф этган.

“Тўғри зиддиятли томонлари бор. Ўзлариг ҳам кўп бор танқидларимни айтаман. Улар эски даврда ишлашган. Уларнинг шахси шундай шаклланган. Лекин замон ўзгарганини биз ҳам айтяпмиз, ўзлари ҳам тушуниб етяптилар. Бундан буёғига жамоатчилик билан ишлаш кераклигини тушуниб, бошқарув шаклларини ўзгартиряпти.

Мен бу инсоннинг жуда кўп яхши ҳислатларини ўргандим. Ёмон томонларини ҳам кўряпмиз, такрорламаслик учун хулоса қиляпмиз. Лекин атрофдаги раҳбарларда бу инсондагидек ватанпарварлик, меҳнатсеварлик давлатга ва давлат раҳбарига садоқатни кўрмадим”, ейди депутат Ғаниев.

У сўзида давом этиб, кўплаб қаҳрамон даражасига олиб чиқилган, янги форматда ишлаши айтиладиган раҳбарлар аслида қуруқ гап билан чекланиши, амалиётда нўноқ эканини таъкидлаган. 

“Шунақа раҳбарларимиз бор, жамоатчилик кўз ўнгида улар фаришта. Чунки улар жамоатчилик билан ишлашади, яхши гаплар айтишади ва кўпчиликнинг наздида улар янги форматдаги яхши раҳбар. Қаҳрамон даражасига кўтарилган кўп раҳбарларнинг меҳнат фаолиятини кўтарадиган бўлсангиз, қуруқ гап холос. Яъни, одамга ёқадиган гапни гапиради, амалда ҳеч нарса йўқ. Лекин Шуҳрат Мадаминовичга ўхшаган кўплаб раҳбарлар бор, тўғри, улар жайдари, қўпол, одамларнинг қулоғига ёқадиган гапни гапиришни билмайди, аммо улар жуда меҳнатсевар. Агар бу одамни меҳнати бўлмаганда, давлат раҳбари илк бор у ҳақда негатив фикрлар шаклланганда уни лавозимидан озод этган бўларди”, дея фикрларни билдирган Дониёр Ғаниев.

Дониёр Ғаниев Олий Мажлис депутатлигига 11-Марғилон сайлов округидан сайланган. У парламент қуйи палатасининг ёш ва энг фаол саноқли депутатларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, ўзининг бир қатор танқидий чиқишлари билан яхши танилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат Ғаниев Дониёр Ғаниев

Баҳолаганлар

413

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг