Шойгу Тошкентдан туриб Украинадаги урушда АҚШни айблади
Олам
−
24 Август 2022
17047АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Украинага қурол етказиб бериш инсонлар қурбонлари сонини кўпайтирмоқда ва бу мамлакат ҳудудидаги ҳарбий можарони чўзмоқда. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Тошкентда ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Мудофаа вазирлари йиғилишида сўз очди.
"Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Украинани қурол-яроғ билан таъминлашда давом этмоқда, бу эса қурбонлар сонини кўпайтирмоқда ва можарони узайтирмоқда", дейди у.
Шунингдек, Россия ҳамкорларига уни изоляция қилиш учун босим давом этаётганини қайд этган Шойгу Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги ҳамкасбларига “принципиал позицияси ва қўллаб-қувватлагани учун” миннатдорлик билдирди.
“ШҲТга аъзо давлатларнинг минтақавий ва глобал хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишдаги мустақил йўли бутун дунё учун намунадир”, дейди Россия Мудофаа вазири.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 август куни Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Мудофаа вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон, Тожикистон, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғиз, Покистон, шунингдек, кузатувчи сифатида иштирок этаётган Беларусь республикалари мудофаа вазирлари иштирок этмоқда.