Хитойча тажовуз, ўртага олинган Эрдўған ва таржимонсиз суҳбат – Саммит пардаси ортида нималар бўлди?

Таҳлил

Reklama
0:00

ШҲТ саммитининг парда ортида нималар бўлди?

Хитой хавфсизлик хизматининг тажовузкор ҳаракатларидан тортиб, кофе столи атрофидаги “диван дипломатияси”гача, Хитой – Ҳиндистон ва Россия учлигининг “бирлашув ҳалқаси”дан тортиб, биринчи хонимлар боғлаётган маданий кўприкларгача – Бишкекда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 26-саммити расмий протоколлар қолипидангина иборат бўлмади. Бугун Қирғизистон пойтахти шунчаки навбатдаги минтақавий учрашув мезбони эмас, балки Евроосиё қитъасининг келгуси геостратегик харитасини белгилаб берувчи дипломатик марказ вазифасини бажаряпти.

Аслида 2001 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон томонидан минтақавий хавфсизликни таъминлаш, чегараларни мустаҳкамлаш ҳамда терроризм ва сепаратизмга қарши биргаликда курашиш мақсадида ташкил этилган ШҲТ йиллар ўтиб ўзининг географик ва сиёсий миқёсини тубдан кенгайтирди. Кейинчалик ташкилотга Ҳиндистон, Покистон, Эрон ҳамда Беларуснинг тўлақонли аъзо сифатида қўшилиши ушбу тузилмани глобал иқтисодиёт ва демографиянинг энг йирик ўчоқларидан бирига айлантирди.

Бироқ бугунги Бишкек саммитининг энг муҳим ва диққатга сазовор жиҳати – унинг кун тартиби ва иштирокчилар таркиби фақатгина расмий 9 та аъзо давлат доираси билан чекланиб қолмаётганидадир. Саммитда Туркиядан тортиб АҚШ вакилларигача, БМТ раҳбариятидан тортиб Осиёнинг қатор кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлари етакчиларининг меҳмон сифатида иштирок этаётгани ШҲТнинг шунчаки минтақавий блок эмас, балки Ғарб гегемонлигига муқобил бўлган кўп қутбли дунё тартибини шакллантирувчи асосий мулоқот майдонига айланиб бораётганини кўрсатади.

Дунёда геосиёсий зиддиятлар ва санкциялар босими кучайган бир пайтда, расмий аъзо бўлмаган қудратли давлатларнинг ушбу майдонга интилиши Евроосиёда савдо, логистика ва хавфсизлик масалаларини айнан ШҲТ платформасида ҳал қилиш заруратга айланганини исботламоқда. Хўш, ушбу улкан платформанинг расмий минбарларидан йироқда, кадрлар ортида ва парда ортидаги музокараларда нималар юз берди?

Қоч, Си Цзиньпин келяпти!

1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги 26-саммити ўз ишини бошлади. Расмий залда музокаралар столига ўтилмасданоқ, 31 августда бўлиб ўтган саммит арафасидаги норасмий учрашувлар, кадр ортида рўй берган кутилмаган вазиятлар ва икки томонлама мулоқотлар аллақачон глобал ОАВ ҳамда экспертларнинг диққат марказига тушиб улгурди.

Шундай шов-шувли воқеалардан бири – Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг махсус хавфсизлик хизмати ходимлари воқеаларни тасвирга олаётган операторни “учириб юборгани” бўлди.

Ушбу воқеа саммит доирасидаги расмий кутиб олиш ва давлат раҳбарларининг залга кириш жараёнида, матбуот ходимлари ва операторлар учун ажратилган суратга олиш ҳудудида юз берди. Пекиндан келган махсус қўриқлаш хизмати ходимлари Хитой етакчиси ҳаракатланаётган коридор ва кадр доирасини “тозалаш” мақсадида маҳаллий ҳамда халқаро операторлар, тасвирчилар, ҳатто жойлардаги протокол вакилларини ҳам кескин равишда қўллари билан суриб юборди ва таҳририят вакилларининг эркин тасвирга олишига халақит берди.
 
Бу каби протоколдан ташқари қўпол ҳаракат халқаро медиа, журналистик ҳамжамият ва сиёсий таҳлилчилар эътиборини дарҳол тортди. Халқаро оммавий ахборот воситалари ва соҳа экспертлари ушбу ҳодисани шунчаки хавфсизлик ходимларининг тасодифий хатоси эмас, балки Пекиннинг глобал майдондаги ўта тажовузкор ва мутлақ назоратга асосланган дипломатик услубининг кўриниши сифатида баҳолади.

Ғарб ва минтақавий медиа вакиллари бу ҳолатга муносабат билдирар экан, Хитой хавфсизлик хизматининг бундай ҳаракатларини “Пекин протоколи” ва “Информацион монолог” тушунчалари билан изоҳлади. “Reuters”, BBC ҳамда халқаро таҳлилий нашрларнинг эътибор қаратишича, Хитой етакчиси қайси мамлакатда ёки саммитда бўлишидан қатъи назар, Пекин хавфсизлик ва медиа назоратини тўлиқ ўз қўлига олишга интилади. Хитой протоколининг асосий мақсади – Си Цзиньпин атрофида мутлақ “стерилланган” ва хавфсиз ҳудуд яратиш ҳамда кадрга ҳеч қандай ноқулай ракурс, режасиз ҳаракат ёки тасодифий одамлар тушиб қолмаслигини таъминлашдан иборат.

Журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳамда матбуот эркинлиги бўйича халқаро кузатувчилар эса операторларга нисбатан қилинган бундай қўпол муносабатни ОАВ эркинлигига ва халқаро дипломатия этикасига ҳурматсизлик деб баҳолади.

Эрон Президенти озарбайжонча гапирди

Кадр ортида рўй берган ва катта сиёсий салмоққа эга эпизодлардан яна бири – Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида кечган “сув бўйича” қисқа, аммо мазмундор мулоқот бўлди.

Сиртдан оддий кўринган ушбу реплика ортида аслида чуқур геосиёсий ва икки мамлакат ўртасидаги мураккаб сиёсий, тарихий-иқтисодий муносабатлар ётади.

Сўнгги йилларда Баку ва Теҳрон муносабатлари кескин синовларни бошидан кечирди. Озарбайжоннинг Теҳрондаги элчихонасига қилинган қуролли ҳужум, Эроннинг Озарбайжон шиа гуруҳларига таъсири бўйича хавотирлари ҳамда Теҳрон томони Озарбайжон ва Исроилни ҳамкорликда айблаши икки ўртада жиддий ишончсизлик деворини кўтарган эди.

Алиевнинг энг олий даражадаги учрашувда сув таклиф қилишини дипломатик репертуардаги “юмшоқ куч” дейиш мумкин. Пезешкиённинг ҳокимиятга келиши ортидан Эрон ташқи сиёсатида мўътадиллашув ва қўшнилар билан алоқаларни қайта тиклаш тенденцияси кўзга ташланмоқда. Алиев ушбу диалог орқали Баку Теҳрон билан муносабатларни зиддият эмас, прагматик мулоқот орқали юргизишга тайёрлигини намойиш этгандек.

Аслида биринчи ўринда Пезешкиённинг соф озарбайжонча гапириши кўпчиликнинг эътиборини тортди. Масъуд Пезешкиён шунчаки озарбайжон тилини ўрганган сиёсатчи эмас – у этник озарбайжон ҳисобланади. Эроннинг Ғарбий Озарбайжон вилоятидаги Маҳобод шаҳрида туғилган, отаси этник озарбайжон. Шу сабабли Эрон Президенти Пезешкиён мулоқот давомида озарбайжон тилида хатосиз ва равон гапирди. Икки етакчи ўртасидаги бу каби “таржимонсиз дипломатия” мамлакатлар ўртасидаги неча йиллик деворларни бир неча сония ичида йўққа чиқаргандек. Аммо юз фоиз шундай деб бўлмайди.

Пезешкиённинг озарбайжонча гапириши ортида улкан демографик ва стратегик фактор ётипти. Бугунги кунда Озарбайжон Республикасида тахминан 10 миллион аҳоли яшаса, Эрон Ислом Республикасида истиқомат қилувчи этник озарбайжонлар сони турли манбаларга кўра 25 миллиондан 30-40 миллионгача етади. Яъни, дунё геосиёсатидаги ноёб воқелик – озарбайжон миллатига мансуб аҳолининг асосий ва катта қисми Озарбайжон Республикасида эмас, балки Эрон ҳудудида истиқомат қилади. Теҳрон учун ушбу улкан демографик қатлам ҳар доим нозик ва ички хавфсизликка дахлдор масала бўлиб келган. Пезешкиённинг озарбайжон тилида ушбу мулоқотга киришуви бир вақтнинг ўзида икки томонга сигнал беради.

Сув мавзуси Озарбайжон ва Эрон кун тартибидаги ҳаётий муҳим стратегик ресурсдир. Иккала мамлакат ўртасидаги чегара чизиғидан ўтувчи Араз дарёси сув ресурсларидан фойдаланиш, дарё бўйидаги тўғонлар ва гидроэлектр станциялари узоқ вақтдан бери нозик техник-сиёсий музокаралар объекти бўлиб келади, ҳатто сиёсий низоларга ҳам сабаб бўлган.

Озарбайжон дарёнинг юқори қисмидаги саноат чиқиндилари ва сув оқимининг камайиши бўйича Теҳронга доимий равишда хавотир билдириб келади. Ушбу суҳбат ортидаги энг катта геосиёсий фон – Зангезур йўлаги масаласидир. Эрон бу йўлни Евроосиё логистикасида ўз ўрнини йўқотишга сабаб бўладиган “қизил чизиқ” деб эълон қилган.

Бу шунчаки бир неча ўн километрлик транспорт йўлаги эмас, балки бутун Евроосиё қитъасининг савдо ва геостратегик харитасини қайта чизиши кутилаётган коридордир. Арманистоннинг Сюник вилояти орқали Озарбайжонни ўзининг Нахчивон Мухтор Республикаси ва у орқали Туркия билан тўғридан-тўғри боғлашни кўзда тутувчи ушбу лойиҳа Баку учун йиллар давом этаётган анклав қамалини ёриб ўтиш, ҳудудий яхлитликни мустаҳкамлаш ва Туркиядан тортиб Марказий Осиёгача бўлган узлуксиз “Туркий коридор”нинг асосий йўналишига айланиш имконидир.

Айни пайтда Эрон ушбу йўлнинг очилишига узоқ вақт давомида кескин қарши чиқиб келган. Теҳроннинг бу даражадаги хавотири заминида Арманистон орқали Шимолга чиқувчи ягона муқобил қуруқлик йўлини йўқотиш, Туркия ҳамда Озарбайжон ҳалқаси қуршовида қолиб кетиш ва энг муҳими – иқтисодий ҳамда сиёсий босим қуролини бой бериш хавфи ётади. Қолаверса, Эрон бу йўлак орқали НАТО аъзоси бўлмиш Туркия ҳамда ўзининг асосий рақибларидан бири Исроил таъсирининг шимолий чегараларига яқинлашишидан хавотирланади.

Ушбу геостратегик тугун Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун ҳам бевосита дахлдордир. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш йўли бўлмаган Тошкент учун Шимолий йўналишдаги чекловлар ва санкциялар фонида “Ўрта коридор” энг яхши ечим бўлади. Зангезур лойиҳаси тўлиқ ишга тушса, Озарбайжон орқали Европа ва Яқин Шарққа чиқувчи юклар транзит вақти ҳамда таннархи сезиларли даражада арзонлашади, бу эса ўз-ўзидан Ўзбекистон экспорт маҳсулотларининг рақобатбардошлигини оширади.

Айни шу сабабдан, Бишкекдаги қисқа мулоқотда Эроннинг бу борадаги қатъий позицияси аста-секин прагматик компромиссларга ўрин бўшатаётгани сезилди. Бугун Баку ва Теҳрон Арманистонни четлаб ўтиб, Эрон ҳудудидан ўтувчи муқобил Арас йўлагини қуриш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилмоқда. Сиёсий таҳлилчилар ва халқаро медиа ушбу эпизодни икки хил эҳтимол билан баҳоламоқда: бир тарафдан, Эрон Пезешкиён шахси ҳамда унинг озарбайжон тилидаги равонлигидан фойдаланиб Баку билан узоқ йиллик кескинликка нуқта қўйиш ва Турк дунёсига этник-маданий кўприк орқали киришни мақсад қилган бўлиши мумкин.

Иккинчи тарафдан эса, бу шунчаки камералар учун мўлжалланган тактик дипломатия бўлиб, томонлар асосий стратегик қарама-қаршиликларда ўз позициясида қолади, аммо буни очиқ конфликт даражасига олиб чиқмасликка келишиб олади. Қандай бўлмасин, Бишкек саммити протоколидан ташқарида юз берган ушбу “таржимонсиз сув мулоқоти” – тил, демография ва географиянинг бир жойда кесишиши замонавий геосиёсатда қанчалик улкан роль ўйнашини кўрсатиб берди.

Путин ва Лукашенко Эрдўғанни ўртага олди

Яна бир диққат марказига тушган кадрлардан бири – Александр Лукашенко ва Владимир Путин Ражаб Тойиб Эрдўғанни ўртага олиб суҳбатлашиб ўтиргани акс этган суратлар бўлди. Кофе столи атрофида, диванда ёнма-ён ўтириб олиб борилган “non-stop” форматидаги қизғин ва кутилмаган суҳбат бир қарашда оддий норасмий кадр орти учрашуви бўлиб кўринади. Классик расмий протоколдан ҳоли бўлган ушбу мулоқот марказида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўтиргани, унинг ўнг томонида Александр Лукашенко, чап тарафида эса Владимир Путин жойлашгани ва Путиннинг қўлидаги ҳужжатларни кўрсатиб Эрдўғанга фаол равишда нимaдир тушунтираётгани учлик ўртасидаги ўзгача психологик ҳолатни кўрсатади. Туркия ШҲТнинг расмий аъзоси бўлмаса-да, унинг етакчиси саммит майдонидаги энг асосий ва талабгир фигурага айланган, чунки Анқара Москва ва Минск учун Ғарб билан боғловчи ягона нуфузли кўприк ҳисобланади. Сиёсий таҳлилчилар ва дунё медиаси ушбу қизғин мулоқот ортида бир неча катта стратегик мавзулар турганини тахмин қилмоқда.

Аввало, Туркия уруш бошланганидан бери Россия ва Украина ўртасида ягона воситачи бўлиб келаётгани сабабли, Путиннинг қўлидаги қоғозлар айнан тинчлик режалари, гуманитар алмашинувлар ёки музокараларнинг янги шартларига дахлдор бўлиши эҳтимоли юқори. Қолаверса, Қора денгиздаги навигация хавфсизлиги, энергетика коридорлари ҳамда Россия ва Беларусга нисбатан қўлланилган санкцияларни четлаб ўтиш учун Туркия орқали ўтувчи логистика ва савдо занжирлари масаласи учала давлат учун ҳам муҳимдир. Эътибор берган бўлсангиз Эрдўған анчайин эркин, ёйилиб ўтирибди икки ҳамкасбидан кўра. Буни ҳам психологик жиҳатдан лидерлик ролига боғлиқ дейиш мумкин. Дунё медиаси ушбу кадрни турлича талқин қилмоқда. Ғарб нашрлари буни санкциялар остидаги етакчиларнинг НАТО аъзоси бўлмиш Эрдўған атрофида жипслашиши ва Европада эътироз тўлқинини келтириб чиқарувчи ҳолат деб баҳолаётган бўлса, минтақавий таҳлилчилар буни расмий минбарлар ва тайёрланган нутқлардан кўра кўпроқ амалий натижа берувчи “кўп қутбли дунёнинг янги диван дипломатияси” сифатида кўрмоқда.

Ғарбга берилган сигнал

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳамда Россия Президенти Владимир Путиннинг Бишкекдаги ШҲТ саммити майдонида бирга кўриниш бериши ва мулоқот қилаётгани акс этган кадрлар оддий расмий протокол доирасидан аллақачон чиқиб кетиш сифатида баҳоланди. Халқаро сиёсий доиралар ҳамда етакчи медиа таҳлилчилари ушбу визуал мулоқотни кўп қутбли дунё тартибининг намойиши ва Ғарб геосиёсий гегемонлигига берилган очиқ ҳамда жиддий сигнал сифатида баҳоламоқда.

Нарендра Моди қаршисида Си Цзиньпин ва Путинни бир вақтда кўргач, ўнг қўлини Хитой раисига ва чап қўлини Россия Президентига узатган. Евроосиёнинг тирик йирик қудратли вакилларининг бир жойда жипслашиб кўриниши ортида ўта мураккаб ва кўп қатламли манфаатлар тугуни ётади.

Аввало, ушбу тасвир Вашингтон ва унинг иттифоқчиларига аниқ бир хабарни йўлламоқда: Ғарбнинг Россияни халқаро изоляцияга олиш ва жазолашга қаратилган ҳаракатлари кутилган натижани бермади. Дунё аҳолисининг қарийб ярмини, улкан иқтисодиёт ва ядровий салоҳиятни ўзида мужассам этган Пекин ва Нью-Деҳли Москва билан мулоқотни узгани йўқ, аксинча, ШҲТ ва БРИКС каби платформалар доирасида умумий стратегик кун тартибини белгилашда давом этмоқда.

Ушбу кадрнинг энг қизиқ ва нозик жиҳати – Ҳиндистон ҳамда Хитой ўртасидаги мураккаб ва зиддиятли муносабатлар фонида юз берганидир. Чегара бўйидаги ҳарбий тўқнашувлар ва иқтисодий рақобатга қарамай, Модининг Си Цзиньпин ва Путин билан бир қаторда пайдо бўлиши Нью-Деҳлининг “стратегик мувозанат” сиёсатини кўрсатади. Ҳиндистон Вашингтон билан хавфсизлик соҳасида яқинлашаётган бўлса-да, ўзининг ташқи сиёсатида Ғарбга бўйсунмаслигини ва Осиё қитъасидаги ўз мустақил гегемонлик манфаатлари борлигини амалда исботламоқда.

Москва учун эса ушбу учлик учрашуви геостратегик ғалаба ҳисобланади. Владимир Путин Хитой ва Ҳиндистон каби глобал ўйинчиларни бир столда ва бир кадрда ушлаб туриш орқали Евроосиёдаги хавфсизлик ва иқтисодий архитектурани айнан Россия иштирокида қайта қуриш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Қандай бўлмасин, Моди, Си Цзиньпин ва Путиннинг Бишкекдаги ушбу биргаликдаги кадри замонавий халқаро муносабатларда Ғарбдан айро ҳолда, Осиёнинг йирик қудратлари иштирокида янги геосиёсий воқелик шаклланаётганидан далолат берувчи энг ёрқин белгилардан бирига айланди.

Биринчи хонимлар қандай вақт ўтказди?

Бишкекда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити нафақат давлат раҳбарларининг сиёсий ва иқтисодий музокаралари, балки “биринчи хонимлар дипломатияси” ва маданий мулоқотлар билан ҳам алоҳида эътибор қозонмоқда. Саммит кун тартибидан ўрин олган тадбирлар доирасида 31 августдан эътиборан давлат раҳбарларининг рафиқалари ва расмий вакиллари Қирғизистоннинг бой тарихи, миллий анъаналари ҳамда маданий мероси билан яқиндан танишдилар.

Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова мезбонлигида ўтган тадбирлар доирасида хонимлар Қирғизистон Давлат тарих музейига ташриф буюрди. Улар қирғиз ва хитой маданий ҳамкорлигига бағишланган махсус кўргазмалар билан танишиб, миллий дизайнерлар тўпламлари ҳамда “Элечек – қирғиз аёлининг бебаҳо мероси” номли кўргазмали намойишни томоша қилдилар. Шунингдек, Бишкекдаги Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева, Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева ҳамда Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўған иштирок этиб, Евроосиё халқларининг маданий ва этник боғлиқлигини яна бир бор намойиш этдилар.

Бу галги биринчи хонимлар форматининг энг шов-шувли ва диққатга сазовор дипломатик деталларидан бири – Эрон Ислом Республикаси делегациясидаги ўзгариш бўлди. Ушбу саммитда Эрон номидан Президент Масъуд Пезешкиённинг қизи Зуҳра Пезешкиён расмий вакил ва “биринчи хоним” вазифасини бажарувчи мақомида фаол кўриниш бермоқда.

Иброҳим Раисий президентлиги даврида унинг рафиқаси Жамила Аламолҳодо халқаро ва минтақавий саммитларда ўта камнамо бўлган, ҳатто расмий ва маданий тадбирларда юзини деярли тўлиқ ёпган ҳолатда қатнашган эди.

Масъуд Пезешкиённинг ҳокимиятга келиши ва унинг қизи Зуҳра Пезешкиённинг очиқ дипломатик майдонга чиқиши эса Эрон ташқи сиёсатидаги “юмшоқ куч” имижининг белгисидир. Зуҳра Пезешкиённинг халқаро ҳамжамият ва бошқа биринчи хонимлар билан бир қаторда фаол кўриниш бериши – Эроннинг дунёга, хусусан ШҲТ ва Турк – Евроосиё маконига янада очиқроқ, замонавийроқ ва мулоқотбоп жамият сифатида кўринишга интилаётганидан далолат беради.

Шавкат Мирзиёевнинг иштироки

31 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ҳамда “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувларда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Бишкек шаҳрига борди.

Бишкекнинг “Манас” халқаро аэропортида давлат раҳбарини Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент Администрацияси раҳбари Одилбек Қосималиев ва бошқа юқори мартабали расмийлар кутиб олди. Кутиб олиш маросимида ҳарбийларнинг фахрий қоровуллари саф тортгани, миллий кийимдаги қизлар томонидан анъанавий меҳмондўстлик рамзи сифатида нон ва туз тақдим этилгани ҳамда аэропорт ҳудудида икки мамлакат давлат байроқлари қаторасига кўтарилгани алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган нозик ва самимий деталлардан бўлди.

Амалий ташриф дастури доирасида давлат раҳбари Бишкекда қатор муҳим икки томонлама учрашув ва мулоқотлар ўтказди.

Дастлаб, АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Горни қабул қилди. Учрашув аввалида Сержио Гор Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан табрик йўллаб, АҚШ Президентининг саломи ва тилакларини етказди. Томонлар стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда энергетика, транспорт, муҳим минераллар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, “C5+1” формати ҳамда Ўзбекистон – Америка ишбилармонлик кенгашининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Владимир Путин билан ўтган учрашувда эса кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 фоизга ошгани таъкидланиб, саноат, энергетика, металлургия ва транспорт соҳаларидаги йирик қўшма лойиҳалар ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди.

БМТ Бош котиби билан мулоқот чоғида Антониу Гутерриш Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан қутлади. Шавкат Мирзиёев БМТ билан кўп қиррали ҳамкорликни юқори баҳолаб, ташкилот тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Мулоқотда сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 15 та резолюцияси қабул қилингани ва мамлакат Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда катта ютуқларни қўлга киритаётгани эътироф этилди.

Халқаро ва минтақавий ОАВлари ҳам Ўзбекистон етакчисининг Бишкекка ташрифини кенг ёритмоқда. Хорижий нашрлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик ва савдо йўлакларини ривожлантиришдаги етакчилик ролини алоҳида таъкидлаб, ташриф доирасидаги олий даражадаги учрашувлар минтақавий барқарорлик ва кўп томонлама дипломатияни мустаҳкамлашга хизмат қилишини ёзмоқда.

Куннинг иккинчи ярмида Президент Шавкат Мирзиёев нуфузли VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг тантанали очилиш маросимида ҳам иштирок этди.

1 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида минтақавий хавфсизлик, транспорт, экология ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ва стратегик таклифларни илгари сурди. Булар ҳақида кейинроқ. Ҳозир Садир Жапаровнинг иштирок учун Шавкат Мирзиёевга билдирган миннатдорлигини кўрамиз.

Шавкат Мирзиёев бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Энг аввало, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш бутун минтақанинг тараққиёти учун фундаментал аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келганини билдирди.

“Барчамизга яратувчан минтақавий жараёнларга интеграциялашган, фаровон қўшни мамлакат керак. Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келди”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқида иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф-хатарлар мамлакатларнинг озиқ-овқат, сув ва энергетик хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганига тўхталиб, ташкилот доирасида 2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳамда ихтисослашган механизмларни йўлга қўйишни таклиф қилди. Транспорт ва логистика соҳасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этиш ва миллий транспорт тизимларининг чоксиз ўзаро боғланишини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ учун барча зарур шароитлар яратилишини таъкидлади ҳамда халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида 2028–2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлаш ташаббусини илгари сурди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг