“Шошилинч хабар!” Ўзбекистонда носоз иситиш қозони сабаб 18 киши вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
15:36 5213 3 дақиқа
Ўзбекистонда 18 киши Германиянинг Vaillant русумидаги табиий газ ёрдамида ишлайдиган икки контурли иситиш воситасининг носозлиги оқибатида вафот этди. Ушбу иситиш қозонлари Ўзбекистонга ноқонуний олиб келингани маълум бўлди. Бу ҳақда Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 октябрь куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғида бир оиладан 7 нафар, шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида 6 нафар, 1 ноябрь куни Қўқон шаҳрида 5 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Уларнинг ўлимига Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган ва аслида утилизацияга топширилган Германиянинг Vaillant русумидаги табиий газ ёрдамида ишлайдиган икки контурли иситиш воситаси сабаб бўлган.
ФВБга кўра, юқорида номи келтирилган иситиш қозонлари хизмат вазифасини ўтаб бўлган, яъни улар Германияда ишлатилиб, утилизацияга топширилган фойдаланишга яроқсиз эски ускуналар ҳисобланади. Бироқ улар айрим “уддабурон” тадбиркорлар томонидан Ўзбекистонга эҳтиёт қисмлари сифатида ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва қўлбола услубда қайта жиҳозланиб, гўёки харид учун янги ҳолатга келтирилган ва фуқароларга алдов йўли билан сотилган.
Бундан ташқари, Vaillant русумидаги икки контурли иситиш воситаси Германиядан унинг ажралмас қисми бўлган ҳақиқий дудбуронсиз олиб кирилган. Шунингдек, уларнинг ўрнига ишлаш жараёнига мутлақо мос келмайдиган, юқори ҳарорат таъсирида қаттиқлик хусусиятини йўқотиб, ўрнатилган қобиғидан чиқиб кетиб, инсонлар ҳаёти учун ўта хавфли ҳисобланган канализация полиэтилен қувурлари ўрнатилган.
Иситиш воситаларининг ҳаво тортиш учун мўлжалланган қувурлари ўзбошимчалик билан ҳар хил матолар билан беркитилиб ёки тўсиб қўйилиши оқибатида табиий газ чала ёнган ва ис гази ажралиб чиқиб, унинг фоиз меъёри ортиб кетган.
Шу сабабли хонадонларга техника хавфсизлиги ва меъёр талабларига ўта зид равишда ўрнатилган Vaillant русумидаги табиий газ ёрдамида ишлайдиган икки контурли иситиш воситалари инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқда.
“Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қатъиян огоҳлантиради. Ҳурматли фуқаролар, ўз ҳаётингизга бефарқ бўлманг. Биз санаб ўтган камчиликларга йўл қўйган бўлсангиз, демак сизнинг ҳам хонадонингиз хавф остида. Ҳозироқ, асло кечикмасдан мутахассисларга мурожаат қилинг. Ўзингиз ва оилангиз хавфсизлигини таъминланг.
Фойдаланишга яроқсиз, эски мослама ҳисобланган Германиянинг Vaillant русумидаги икки контурли иситиш воситасини асло хонадонингизга ўрнатманг. Бошқа иситиш воситаларини ҳам албатта мутахассис иштирокида сифат сертификати, ишлатиш йўриқномаси, хавфсизлик қоидалари ва фойдаланишга яроқлилигини жиддий текшириб олинг. Хонадонингизда, ўз ҳаётингизга ўзингиз масъул эканлигингизни асло унутманг”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 6 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этгани, яна 2 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси