Шольц Украинага ёрдам пакетини блоклади. Бербок бундан норози
Олам
−
18 Январь
6207Жорий йилнинг 16 январь куни Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок канцлер Олаф Шольцнинг Украинага янги ёрдам пакетини блоклаганидан сўнг ҳукумат йиғилишини тарк этди. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Шольц вазирни тўхтатишга ҳаракат қилган, аммо ғазабланган Бербок унинг илтимосларига қарамасдан хонани тарк этган. Ушбу воқеа бошқа сиёсатчилар ва журналистлар кўз ўнгида юз берган.
“Аммо бир нарса аниқ: улар ўртасидаги муносабатлар анча ёмон”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Германия Мудофаа вазири Борис Писториус ва Анналена Бербок Украинага янги ёрдам пакетини фаол равишда илгари сурмоқда. Вазирлар Украинага IRIS-T ҳаво мудофаа тизимлари, Patriot зенит мажмуалари учун снарядлар ва ракеталар, ўн дона гаубица, шунингдек, ўқ-дориларни етказиб беришни режалаштирганди. Ёрдам пакетининг умумий қиймати 3 миллиард еврони ташкил қилиши керак эди. Бу пакет 2025 йилги бюджетда аллақачон кўзда тутилган 4 миллиард евро ёрдамга қўшимча тарзда режалаштирилганди. Шольц ушбу ёрдамни фақат янги давлат облигациялари чиқарилиши ҳисобидан молиялаштириш шарти билан тасдиқлашга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Олаф Шольц ёрдамни блоклаши мумкинлиги ҳақидаги илк хабарлар 9 январь куни “Der Spiegel” томонидан тарқатилган эди. Кейинчалик, Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари қўшимча ёрдам Германия канцлери томонидан тўхтатилмаслигини маълум қилган.
LiveБарчаси