Шольц Асад режимининг ағдарилишини олқишлади

Олам

image

Германия федерал канцлери Олаф Шольц Сурияда президент Башар Асад режимининг ағдарилишини олқишлади. Бу ҳақда федерал канцлернинг баёноти бугун, 8 декабрь куни ҳукумат матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

“Башар Асад ўз халқига шафқатсизларча зулм қилди, сон-саноқсиз жонларни ўлдирди ва кўплаб одамларни Сурияни тарк этишга мажбур қилди, уларнинг кўпчилиги Германияга ҳам келган. Сурия халқи даҳшатли азоб-уқубатларни бошдан кечирди. Шунинг учун Сурия устидан Асад ҳукмронлигининг тугаши яхши янгилик”, дея ёзилган канцлер баёнотида.

Қайд этилишича, ҳозир Сурияда ҳуқуқ ва тартибни тезда тиклаш жуда муҳим. Барча диний жамоалар ва озчиликлар ҳозир ҳамда келажакда ҳимоя қилиниши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-резолюциясига мувофиқ Суриядаги можарога сиёсий ечим топиш ҳали ҳам мумкин.

Шольцнинг қўшимча қилишича, расмий Берлин бўлажак Сурия ҳукумати барча сурияликларга муносиб ва ​​ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятини тақдим этадими ёки Сурия суверенитетини учинчи томонларнинг ғаразли аралашувидан ҳимоя қиладими ҳамда ўз қўшнилари билан тинч-тотув яшай оладими, шунга қараб иш тутади.

Бугун, 8 декабрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кирди ва мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини эълон қилди. Маҳаллий аҳоли AFP агентлигига шаҳарда кучли отишма овозлари ҳақида маълум қилган. Исёнчилар коалицияси ижтимоий тармоқларда Асад қочиб кетгани ва мамлакат пойтахти озод қилинганини эълон қилган. Сурия армиясининг икки юқори мартабали зобити “Reuters” агентлигига мамлакат президенти Башар Асад Дамашқдан номаълум томонга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган. Бу ҳақда аввалроқ CNN тарқатган маълумотни Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳам тасдиқлаган. Ташкилот раҳбари Рами Абдел Раҳмонга кўра, Асад Дамашқ халқаро аэропортидан учиб кетган. “Reuters”га кўра, Башар Асад самолёт ҳалокатида вафот этган бўлиши мумкин.

Сурия бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий Facebook’да эълон қилинган видеода ҳукумат ваколатларини Сурия халқи томонидан маъқулланган ҳар қандай раҳбариятга топширишга тайёрлигини айтган. Сурия қуролли мухолифат қўмондонлари Дамашқда маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан бошлаб эрталаб соат 5:00 гача давом этадиган комендантлик соати жорий этди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Суриядаги сўнгги воқеаларга муносабат билдирганди. Унга кўра, Сурия президенти Башар Асад ва қуролли можаро иштирокчилари ўртасидаги музокаралар туфайли у ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича кўрсатмалар бериб, президентлик лавозимини тарк этишга қарор қилган ва мамлакатни тарк этган. Россия бу музокараларда иштирок этмаган. Вазирликнинг Дамашқ қуролли можаро вакиллари томонидан босиб олинганидан кейин берган баёнотида Россия Суриядаги мухолиф гуруҳларнинг барча аъзолари билан алоқада экани маълум қилинган.

Шунингдек, Суриядаги Россия фуқароларини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Россия томони, шу билан бирга, Сурия жамиятининг барча этно-конфессионал кучларининг фикрларини ҳурмат қилишга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Сурия Башар Асад Олаф Шольц Муҳаммад Ғози ал-Жалолий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг