Шимолий Македониянинг биринчи аёл Президенти расман ўз лавозимига киришди
Олам
−
13 Май
2520Шимолий Македонияда 8 май куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғалаба қозонган Гордана Силяновска Давкова кеча, 12 май куни мамлакат Президенти лавозимини эгаллади. Бу ҳақда MRT 1 телеканали хабар берди.
Шимолий Македония Ассамблеясида Силяновска Давкованинг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Унда суд ва ижро ҳокимияти органларининг юқори мартабали вакиллари, диний арбоблар ва хорижий элчилар иштирок этди.
Силяновска йиғилишидаги нутқида Давкова Македония Президенти сифатида ўз бурчини онгли ва масъулият билан бажаришини айтди:
“Мен конституция ва қонунларни ҳурмат қиламан ҳамда Македония суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қиламан”.
Силяновска Давкова ҳеч қандай камситишсиз ҳамма учун Президент бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, у ўз мамлакатида ва патриархия ҳануз давом этаётган Болқонда аёлларни илҳомлантиришни мақсад қилган. Эътиборлиси, янги президент мамлакатнинг конституциявий номи “Шимолий Македония”дан фойдаланмаган.
Маълумот учун, 2018 йил июн ойида Шимолий Македония ва Греция ўртасида Преспа келишуви имзоланди, шундан сўнг Македония бўлган мамлакат номи "Шимолий Македония" га ўзгартирилди. Шундай қилиб, Грециянинг ветоси олиб ташланганидан сўнг, мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлишига йўл очилди.
Парламент йиғилишидан кейин президиумда ўтказилган топшириш маросимида Силяновска Давкова собиқ президент Стево Пендаровскининг ўрнини эгаллади.
8 май куни Шимолий Македонияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Македония Ички Инқилобий Ташкилоти - Македония Миллий Демократик Иттифоқи альянси томонидан қўллаб-қувватланган Гордана Силяновска Давкова 64,14 фоиз овоз олди, Македония Социал-демократлар иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган собиқ президент Стево Пендаровски эса 29,25 фоиз овоз олди.
Гордана Силяновска Давкова 1953 йилда Оҳрид шаҳрида туғилган ва Давлат университетининг юридик факультетида конституциявий ҳуқуқ ва сиёсий тизимдан дарс берган. 1992-1994 йилларда Парламент Конституциявий комиссияси аъзоси ва Давлат вазири, БМТнинг сайловлар бўйича эксперти, Европа Кенгашининг маҳаллий бошқарув бўйича экспертлар гуруҳи вице-президенти ва Венеция комиссияси аъзоси бўлган.
Силяновска Давкова 2019 йилда мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ҳам номзод бўлган, бироқ иккинчи турда сайловда мағлуб бўлган. 2020 йилдан бери Силяновска Давкова Шимолий Македония Ассамблеяси аъзоси эди.