Шимолий Корея Жанубий Кореяни “қўғирчоқ” деб атади
Олам
−
08:55 3207 2 дақиқа
Шимолий Корея давлат ОАВси Жанубий Кореяни АҚШ бошчилигидаги денгиз ҳарбий машғулотларида иштирок этгани учун “қўғирчоқ” деб атади. Бу ҳақда Шимолий Кореянинг Марказий телеграф агентлиги ўтган ҳафта Гавайида бўлиб ўтган Rim of the Pacific (RIMPAC) денгиз ҳарбий машғулотларидан сўнг хабар қилди.
Мазкур ҳарбий йиғинда Жанубий Корея денгиз флоти илк бор машғулотлардаги денгиз кучларига раҳбарлик қилган. Қайд этилишича, Пхеньян Сеул ва Вашингтон минтақада юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай “кутилмаган кескинлашув” учун жавобгар бўлишини билдирган.
RIMPAC дунёдаги энг йирик халқаро денгиз ҳарбий машғулоти ҳисобланади ва ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Расмий маълумотларга кўра, бу йилги машғулотларда Япония, Канада ва Австралияни ўз ичига олган 30 га яқин давлат иштирок этган.
“Жанубий Корея қўғирчоқ кучлари асосий иштирокчилардан бири сифатида қатнашди”, дейилади агентлик ахборотида.
Агентлик буни Жанубий Корея ва Япония ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик, шунингдек, Сеулнинг НАТО билан муносабатлари тобора кучайиб бораётгани билан боғлаган.
Бу Пхеньяннинг қарийб бир йил уч ой ичида илк бор Жанубий Кореяга нисбатан “қўғирчоқ” атамасини ишлатишидир. Бундан аввал бундай ибора 2025 йил апрель ойида Жанубий Корея ҳарбий ҳаво кучлари самолётидан ёқилғи баки ва қурол ускуналари машғулот вақтида Канвондо вилоятининг тоғли ҳудудига тушиб кетган воқеадан кейин қўлланган эди.
Манба, шунингдек, RIMPAC машғулотлари “шартли рақибга қарши оддий машқлар эмас”, балки АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги давлатларга қарши қаратилган “уруш намойиши” эканини иддао қилган.
“Бу фактларнинг барчаси дунё тинчлиги ва хавфсизлиги асосларини айнан қайси кучлар издан чиқараётганини кўрсатади ҳамда ўз вақтида чора кўрилмаса, Корея яримороли ва минтақада исталмаган вазиятлар юзага келиши мумкинлигидан дарак беради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бу танқидлар Шимолий Корея денгиз кучларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратаётган бир пайтга тўғри келмоқда. Шу ой бошида Марказий телеграф агентлиги мамлакат раҳбари Ким Чен Ин янги 5 минг тоннали Kang Kon эсминеци бортида стратегик қанотли ракета учирилиши ва турли қурол тизимлари синовини кузатганини хабар қилган эди.
Live
Барчаси