Шимолий Корея ядровий давлат мақомида қолади – Ким Чен Ин

Олам

image
0:00
0:00
download
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин мамлакатнинг ядровий давлат сифатидаги мақомидан фойдаланиши мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган халқаро хавфсизлик муҳитига жавоб беришнинг ягона йўли эканини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар қилди.

Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, дунёда “ақл бовар қилмас воқеалар ва ҳодисалар” содир бўлмоқда, бунга эса гегемон давлатларнинг “гангстерларга хос очкўзлиги” сабаб бўлмоқда. У АҚШни Европа ва Яқин Шарқдаги қон тўкилишларни кучайтиришда айблаган. Ушбу баёнот ҳукмрон Меҳнат партияси Марказий қўмитасининг 20 июнь куни бошланиб, 22 июнгача давом этган йиғилишида янграган.

Ким Чен Ин АҚШ ва Жанубий Кореяни Корея яриморолидаги хавфсизлик вазиятини янада хавфлилаштиришда айблаб, икки давлатнинг қўшма ядровий салоҳияти мунтазам равишда кучайтирилаётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, бунинг ягона мақсади Шимолий Кореяга қарши ҳаракат қилиш.

Агентлик тарқатган маълумотга кўра, Ким Чен Ин ядровий кучларни изчил кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ядровий давлат мақомини тўлиқ амалга оширишни халқаро ҳарбий-сиёсий вазиятга жавоб беришнинг энг тўғри йўли деб атаган. Бироқ мамлакат ядровий арсенали бўйича қандай аниқ чоралар кўрилиши ҳақида гапирмаган.

Шу билан бирга, Ким Чен Ин анъанавий қурол-яроғларни кучайтириш ва 10 минг тонна сув сиғимига эга стратегик бошқариладиган ракета крейсери қурилишини жадаллаштириш бўйича топшириқ берган. Сеулдаги Шимолий Корея тадқиқотлари университети профессори Ян Му Чжиннинг таъкидлашича, мазкур баёнот Пхеньяннинг денуклеаризация музокараларини рад этиш ва ўзини ядровий давлат сифатида тан олдириш сиёсати давом этаётганини кўрсатади.

Унинг фикрича, Шимолий Корея энди фақат ядровий давлат сифатида тенг мақомда музокара олиб боришга тайёр бўлиши мумкин. Бундай музокаралар қуролларни қисқартириш масаласига қаратилган бўлиб, улар денуклеаризация бўйича аввалги таклифлардан тубдан фарқ қилади.

Ян Му Чжин партия йиғилишида АҚШ ва Жанубий Кореянинг Ядровий маслаҳатлашув гуруҳи ҳамда Сеулнинг ядровий энергияда ҳаракатланувчи сувости кемаси яратиш режалари ҳақидаги фикрлар Пхеньян томонидан ўз ядровий дастурини оқлаш учун қўлланилаётганини қайд этган.

Маълумот учун, Шимолий Корея 2006–2017 йиллар давомида БМТ ва АҚШ томонидан жорий этилган кўплаб санкцияларга қарамай, ядровий қурол ва баллистик ракета дастурларини ривожлантиришда давом этди. Пхеньян ўзини расман ядровий давлат деб эълон қилган ва АҚШ, Хитой ҳамда Жанубий Кореянинг кўп йиллик дипломатик саъй-ҳаракатларига қарамай, ядровий қуролдан воз кечмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакатнинг янги ишга туширилган ядровий материал ишлаб чиқариш корхонасига ташрифи чоғида ядровий арсенални “экспоненциал даражада” кенгайтириш зарурлигини билдирганди.

Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея ядровий давлат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг