Шимолий Корея Россияга 50 минггача аскар юбориши мумкин
World
−
08:56 2096 2 minutes
Украина Президенти Владимир Зеленский Пхеньян Россия ҳудудига иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун 30 – 50 минг нафаргача Шимолий Корея ҳарбийлари юборилиши режалаштирилганини айтди. Бу ҳақда у 8 август куни X ижтимоий тармоғида ёзди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия ҳудудига 30 мингдан 50 минг нафаргача Шимолий Корея аскарини жойлаштириш бўйича қарор қабул қилинган. У бу маълумотни қандай манбадан олганига ойдинлик киритмаган.
Зеленский Украина ҳудудидан Шимолий Кореяга тегишли айрим ракеталар ҳам топилганини, бироқ уларнинг аниқ жойлашувини маълум қилмаганини билдирган.
“Шимолий Корея замонавий уруш олиб бориш бўйича тажрибасини ошириши, Россиядан лицензиялар ва турли ҳарбий воситалар олиши мутлақо аниқ”, деган Украина Президенти.
У Жанубий Кореяни Киев билан ҳамкорликни кучайтиришга чақириб, Украина ҳаво мудофааси тизимлари етишмаётганини таъкидлаган.
“Биз етишмаётган соҳада Жанубий Кореядан қўллаб-қувватлаш олишни жуда истардик”, деган Зеленский.
Унинг айтишича, Украина “Дронлар келишуви” ва бошқа йўналишларда ҳам Сеул билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Зеленский Украина дипломатлари бу масалада Жанубий Корея томони билан алоқа олиб бораётганини қўшимча қилган.
Маълумот учун, Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 2024 йил июнь ойида Пхеньянда кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзолаган. Ҳужжатда томонлардан бири ташқи тажовузга учраган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича мажбурият ҳам белгиланган.
Шимолий Корея Россияга ҳарбийлар юборилишини шартнома бўйича иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш сифатида баҳолаган.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда Шимолий Корея Россиянинг Курск вилоятига тахминан 14 минг нафар ҳарбий юборган. Улар Украина қўшинларининг ҳудудга йирик ҳужумини қайтаришда Россияга ёрдам берган.
Шу ойда Украина ҳарбий разведкаси вакили “Reuters” агентлигига Шимолий Корея ракета бўлинмаси Россиянинг ғарбий қисмига жойлаштирила бошлаганини маълум қилган. Ушбу бўлинма 120 та баллистик ракета ва олтита учиргич билан таъминланиши мумкинлиги айтилган.
Украинада юқори даражали ҳаво мудофааси тизимлари жиддий етишмаётгани, Россия эса бу вазиятдан фойдаланиб, айниқса уриб тушириш қийин бўлган баллистик ракеталардан кўпроқ фойдаланаётгани билдирилмоқда.
Украина ва мустақил баҳолашларга кўра, Шимолий Корея Россияга миллионлаб артиллерия ва миномёт снарядлари, баллистик ракеталар, узоқ масофага мўлжалланган артиллерия ҳамда реактив залпли ўт очиш тизимларини етказиб берган.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида ҳам Украина Президенти Россияга 30 минг нафар Шимолий Корея ҳарбийси юборилиши мумкинлигини айтган эди.
Live
All