Шимолий Корея АҚШнинг ядровий қуролсизланиш бўйича чақириғини рад этди
World
−
13:08 892 2 minutes
Шимолий Корея АҚШнинг мамлакатни ядровий қуролсизлантириш ҳақидаги чақириқларини рад этиб, ядровий қуролларини сақлаб қолиши ва ядровий салоҳиятини кучайтиришда давом этишини маълум қилди. Бу ҳақда “Korea JoongAng Daily“ хабар берди.
Қайд этилишича, Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг мамлакатга нисбатан сиёсати ўзгармаганини таъкидлаган. Пхеньян Вашингтоннинг “тўлиқ ядровий қуролсизлантириш” талаби, инсон ҳуқуқлари бўйича танқидлари, шунингдек, АҚШнинг Жанубий Корея ва Япония билан ҳарбий ҳамкорлигини душманона сиёсатнинг далили сифатида кўрсатган.
“Бизинг АҚШга нисбатан сиёсатимизда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Унинг ўзгармас душманона сиёсатига охиригача энг қатъий позиция билан жавоб берамиз”, деган Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Пхеньян ядровий қуролларидан воз кечмаслигини билдириб, уларни мамлакат суверенитетини ҳимоя қилишнинг “мутлақ кафолати” деб атаган.
“Шимолий Корея тасарруфидаги ядровий қуролларни сақлаш ва уларни мунтазам равишда кучайтириш минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг энг масъулиятли ва тўғри йўлидир”, дейилади баёнотда.
Шимолий Корея, шунингдек, АҚШнинг инсон ҳуқуқлари масаласини кўтараётганини ҳам қоралаган. Пхеньян буни мамлакат обрўсига путур етказиш ва ички беқарорликни келтириб чиқаришга қаратилган “ўта қабиҳ ва душманона уриниш” деб баҳолаган.
Бу баёнот АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Вашингтон ва Сеул ўртасидаги Ulchi Freedom Shield ҳарбий машғулотларини сезиларли даражада қисқартиришни буюргани ҳақидаги хабарлар фонида янграган. Трамп аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан “жуда яхши муносабатлари” борлигини айтган ва АҚШ – Жанубий Корея ҳарбий машғулотлари Пхеньянга кераксиз душманона сигнал юборишини билдирган эди.
Шунга қарамай, Пхеньян АҚШ, Жанубий Корея ва Япония иштирокида жорий йилнинг 7–11 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган Freedom Edge кўп йўналишли қўшма ҳарбий машғулотларига ҳам қарши чиқмоқда.
Маълумот учун, Шимолий Корея 2023 йилнинг сентябрида ўз конституциясига ўзгартириш киритиб, мамлакатнинг “доимий ядровий давлат” мақомини мустаҳкамлаган ва ядросизланиш имкониятини рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея НАТО саммитини қоралаб, ядросизланиш АҚШ иттифоқчиларидан бошланиши кераклигини билдирган эди.
Live
All