Шимолий Корея 16 йил ичида илк бор бошқа мамлакатга хайрия қилди
Олам
−
18 Июнь 2021
11428Шимолий Корея Мьянма учун 300 минг доллар хайрия қилди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) ҳарбий тўнтаришдан кейин жабр кўрган мамлакатга инсонпарварлик ёрдами ташаббуси доирасида амалга оширилди. Бу ҳақда “The Korea Times” хабар берган.
Таъкидланишича, бу Пхеньяннинг бошқа давлатга 2005 йилдан бери биринчи марта хайрия қилиши. Бундан тушуниш мумкинки, Пхеньян ва Нейпьидо (Мьянма пойтахти) ўртасидаги муносабатлар яхши. Бунинг яна бир мисоли, жорий йилнинг январь ойида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Жанубий-Шарқий Осиё мамлакати мустақиллигининг 73 йиллиги муносабати билан Мьянма Президентига мурожаат юборган. У мурожаатида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро анъанавий, дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга умид билдирган.
КХДРдан ташқари, Мьянмани Жанубий Корея, шунингдек, бир нечта Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлаган. Энг катта хайр-еҳсон АҚШ томонидан қилинган — улар мамлакатга 23 миллион доллардан кўпроқ маблағ юборган.
Шимолий Корея камдан-кам ҳолатда молиявий хайр-эҳсон қилади, чунки у дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири. Жорий йилнинг 16 июнь куни Ким Чен Ин мамлакатда очарчилик бўлиши мумкинлиги ҳақида эълон қилганди. Шимолий Корея раҳбарининг айтишича, ўтган йилги тўфон ғалла етиштириш режасини амалга оширишга халақит берган. Шу сабабли, мамлакатда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашда кескин вазият ривожланмоқда.
Маълумот ўрнида, Мьянмада жорий йилнинг 1 февраль куни армия Ташқи ишлар вазири ва давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжи ва бошқа юқори лавозимли амалдорларни ҳибсга олиб, ҳокимиятни эгаллаб олганини эълон қилди. Ҳозирда мамлакатда ҳокимият Мьянма Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи Мин Аун Хлайннинг қўлида.
Ҳарбийларнинг таъкидлашича, давлат тўнтариши 2020 йил 8 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда катта миқдордаги фирибгарликлар ҳақидаги даъволарга жавобдир. Тўнтаришдан кейин мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Мьянмани бир йил давомида ҳарбий хунта бошқаради. Мамлакатдаги ҳарбий тўнтариш оқибатида 24 вазир ва уларнинг ўринбосарлари ўз лавозимларидан маҳрум бўлди. Кейинчалик, 1 апрель куни ҳарбий хунта бир ойлик сулҳ эълон қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, тартибсизликлар давомида 700 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 250 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь