Шифокорлар 6,5 соат олдин тўхтаган юракни ҳаётга қайтарди
Олам
−
06 Декабрь 2019
9913Испанияда шифокорлар 34 ёшли аёл Одри Mешнинг 6,5 соат тўхтаб қолган юрагини ҳаётга қайтарди.
Mаълум қилинишича, аёл эри билан Каталониядаги Пиренея тоғ тизмаларига дам олиш учун борган. Эр-хотин 2,5 минг метр баландликка кўтарилишган. Aксига олгандек, шу тобда ҳавонинг авзойи айниган. Aёл эса ҳаво бузилиши таъсирида ҳушидан кетиб йиқилган. Эр хотинининг томир уришини текшириб кўрганида, унинг юрак уриши ҳам, нафас олиши тўхтаганлигини аниқлаган.
Хабарда айтилишича, қутқарувчилар вертолётда етиб келишганида аёлнинг тана ҳарорати 18 даражагача тушиб кетган. Зудлик билан уни Барселона шифохонасига олиб боришган.
Жонлантириш бўлимининг тажрибали шифокорлари узоқ уринишлардан сўнг аллақачон ишлашдан тўхтаб, шу кўйи 6,5 соат туриб қолган юракни қайтадан ишлашига эришишди.
Ҳозирда аёл ўзини жуда яхши ҳис этмоқда, дейилади хабарда.
Шаҳноза Тўрамуротова