Шифохоналардан болаларгача. Исроил яна ўнлаб ғазоликларни ўққа тутди

Олам

image

Кеча, 8 сентябрь куни Исроил армияси Ғазо секторининг турли ҳудудларига зарба бериши оқибатида камида 40 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди. 

Тиббий манбалар ва гувоҳларнинг хабарига кўра, Исроил ҳарбийлари шимолий, жанубий ва марказий ҳудудларда тураржойлар, чодирлар ва тинч аҳоли тўпланган жойларга ҳужум қилишни давом эттирмоқда.

Исроил аскарлари жанубдаги Хон-Юнус шаҳрида гуманитар ёрдам тарқатиш нуқталари яқинида тўпланган фаластинликларга қарата ўт очган. Оқибатда 6 киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар яраланган.

Ғазо шаҳрининг Ат-Туффаҳ маҳалласидаги Аз-Зерка ҳудудида тураржой бомбардимон қилиниб, бир фаластинлик ўлдирилган. 

Ғазодаги “Ал-Аҳли” шифохонаси ҳовлисида тинч аҳоли тўпланган жой Исроил томонидан нишонга олинган ва у ерда ҳам бир одам ҳалок бўлган. 

Шайх-Ридвон маҳалласида, Аҳмад Ёсин кўчасида икки уй бомбардимон қилиниши оқибатида эса 3 киши ўлган, кўплаб одамлар жароҳатланган. Ўша кўчада яна бир одам ўлдирилган. 

Ғазо марказининг шимолидаги Ярмук кўчасида уйга қилинган кучли зарба оқибатида эса 5 киши ҳалок бўлган.

Шалиҳат ҳудудида кўчирилганлар яшаб турган чодирга ҳужум оқибатида 4 киши, жумладан, бола ҳам ўлдирилган.

Қолаверса, Исроил дрони Ғазонинг Римал маҳалласидаги квартирага ҳужум қилиб, икки ака-уканинг ўлимига сабаб бўлган. Шаҳар боғи яқинидаги бошқа бир уйга зарбада эса кўплаб фаластинликлар яраланган.

Шайх-Ридвон ҳудудидаги сув ҳавзаси яқинида эса Исроил армияси портловчи моддалар жойлаштирилган дронлар ёрдамида уйларни вайрон қилган. 

Марказдаги Нусейрат қочқинлар лагерида тинч аҳоли тўпланган жойга ҳужум оқибатида 5 киши, жумладан, бир қизча ҳалок бўлган, 22 киши жароҳат олган. 

Умуман олганда, Ғазонинг ҳар бир қаричида Исроил армияси қолдирган қон излари бор. Шаҳар аҳолиси кучли қўрқув ичида яшамоқда. 

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳарбий амалиётлар оқибатида 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 163 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 367 нафар маҳаллий аҳоли, жумладан, 131 нафар бола очликдан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо шаҳридаги аҳолига мурожаат қилиб, улар шаҳарни тарк этиши кераклигини айтганди. Нетаньяхунинг даъво қилишича, сўнгги бир неча кун ичида Исроил армияси Ғазода “террор ўчоқлари” деб аталган кўп қаватли биноларни йўқ қилган. У жами 50 та шундай жой вайрон қилинганини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо Ат-Туффаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг