Шерзодхон Қудратхўжа ҳам Тожикистон вазирининг баёнотига муносабат билдирди
Жамият
−
27 Январь 30659 2 дақиқа
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Тожикистон Маданият вазирининг улуғ мутафаккир Абу Али ибн Сино ҳақидаги гапларига ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
У Марказий Осиё давлатлари энди ҳақиқатдан ҳам бирлашаётган бир тарихий пайтда, ўзаро чегаралар очилиб, барча соҳаларда мукаммал ҳамкорлик ривожланаётганда барча ўз айтаётганини етти ўлчаб бир кесиб гапириши кераклигини ёзган. Қудратхўжа IX-X асрларда минтақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ёки Қирғизистон деб тавсифланиш бўлмаганини айтган.
“Ўша замонлардаги илм-фаннинг ва маърифатнинг юксалиши, Ренессанс даврининг чўққига чиқишининг бош омилларидан бири минтақамиздаги бир жуғрофий ҳудуд қамровидаги яратилган эркин муҳитдир. Абу Али ибн Сино машҳур табиб, файласуф, математик ва олим, Бухоро ёнида туғилган. Унинг туғилган жойи ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади. Шу сабабли, Ибн Сино Марказий Осиё фарзанди ҳисобланади. Ибн Синонинг миллати тўғрисидаги савол қанчалик ўринсиз бўлса-да, сизга шуни маълум қилмоқчиманки, бундай ёндашув икки томонлама муносабатларга, албатта, салбий таъсир қилмай қолмайди, ва шубҳасиз, учинчи тараф бундай ҳолларда ўзининг ғаразли мақсадларида фойдаланади. Биз бугун катта минтақада яшар эканмиз, илм-фан, адабиёт, маърифат соҳасида чўққига чиққан улуғ олимларни сеники, меники демасдан бир заминда яшаган боболаримизнинг муносиб фарзандлари бўлишимиз керак”, дея ёзган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Маданият вазири Матлубахон Сатториён CNN томонидан яқинда чоп этилган мақолага жавобан ўз расмий позициясини билдирган ҳолда, ушбу мақолада Абу Али ибн Сино “нотўғри” равишда ўзбек олими деб аталганидан норози бўлганди. Вазирнинг сўзларига кўра, CNN материалида айтилган маълумотлар тарихий асосга эга эмас ва нуфузли тарихий манбаларни эътиборсиз қолдирадиган нотўғри талқинларни ифодалайди. У бу каби ҳаракатларга дипломатик одоб доирасида қатъий жавоб талаб этилишини таъкидлаган. Вазирнинг бу баёнотига “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ўз фикрини билдириб, Абу Али ибн Сино каби улуғ шахсларнинг мероси бутун минтақа ва бутун дунёга тегишли эканини айтди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь