ЕИ 30 кунга “эшик”ларини ёпмоқчи
Олам
−
16 Март 2020
9044Европа Иттифоқи 30 кун давомида ўз ҳудудига саёҳатларни чекламоқчи. Фақатгина кечиктириб бўлмайдиган сафарларга рухсат бериш кўзда тутиляпти. Бу ҳақда Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди.
ЕИ давлатлари чегарасида озиқ-овқат ва тиббий буюмлар олиб келаётган юк машиналари учун “яшил линия” барпо қилинади. Бу чоралар эртага, 17 март куни ЕИга кирувчи давлатлар раҳбарларининг телеконференциясида тасдиқланади ва 18 мартдан кучга киради.
Маълумот учун, янги коронавирус пайдо бўлган Хитойда эса вазият тўла назоратга олинди. Аммо Европада COVID-19 вируси янги куч билан авж олди. Минтақанинг йирик давлатлари – Италия, Германия, Франция, Испанияда вирус авж олди. Бу мамлакатлар ҳукуматлари қатор чекловлар жорий қилишга мажбур бўлди. Жумладан, Италия ва Испанияда мамлакат бўйлаб ҳаракатланиш тақиқланди. Италия А Серияси тўхтатилди. Францияда ҳам оммавий тадбирлар бекор қилинди. Энг зарур савдо нуқталаридан бошқа жойлар ёпилди.
Айни вақтда дунёда коронавирусга чалинганлар сони 175 438 нафарга етди. Уларнинг 77 867 нафари касалликдан даволанган бўлса, 6714 нафари ҳалок бўлди. Янги коронавируснинг ўлимлилик даражаси 8 фоизга тенг бўлиб турибди.