Ўзбекистонда Ҳукумат муассислигида яна бир газета ташкил этилди. Бу нима дегани?
Жамият
−
06 Январь 2020
8478Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, “Правда Востока” газетаси таҳририяти” давлат корхонаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат марказининг таклифи билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муассислигида “Янги Ўзбекистон” газетаси таъсис этилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Қарорда келтирилишича, нашр “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш, халқимиз ҳамда халқаро жамоатчилик томонидан “Янги Ўзбекистон”, деб эътироф этилаётган мамлакатимиздаги бунёдкорлик ва янгиланишларни асл мазмун моҳияти ва аҳамияти ҳақида холис хабарларни аҳолининг барча қатламларига ҳамда жаҳонга тезкор ва сифатли етказиш, юртимизнинг глобал ахборот майдонидаги ўрнини мустаҳкамлаш, нуфузини юксалтириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, “Правда Востока” газетаси таҳририяти” давлат корхонаси номи “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти” деб ўзгартирилади ҳамда иккала газета битта таҳририятга бирлаштирилади.
“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти” давлат корхонаси ходимларининг умумий чекланган сони 122 нафар, шу жумладан бошқарув ходимларининг сони 15 нафардан иборат бўлади.
Газеталар бош муҳаррири Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари бош муҳаррир томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Бош муҳаррир мақоми меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосари, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Таҳририят Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
Шунингдек, таҳририятнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктлари ташкил этиш учун вилоят марказларидан зарур шарт-шароитлар яратилади.
2020 йил 1 июлга қадар фойдаланувчилар учун қулай матн, аудио ва видео ахборот тарқатиш, тарқатилаётган ахборотларни тижорат йўли билан юклаб олиш имкониятларига эга бўлган Таҳририятнинг янгиланган ахборот портали ишга туширилади.
Бундан ташқари таҳририят Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда расмий статистик тўпламлари, шу жумладан уларнинг электрон шакллари мажбурий равишда юборилувчи ташкилотлар рўйхатига киритилади.