Ўзбекистонда коронавирусдан оммавий огоҳлантириш бошланди
Саломатлик
−
04 Март 2020
22801Ўзбекистонда коронавирус хавфига нисбатан чоралар кучайтирилмоқда. Бугун, 4 мартдан эътиборан уяли алоқа компанияларнинг SMS хизмати орқали абонентларга коронавирус ҳақида огоҳлантириш хабарномаларини юбориш бошланди.
Бугунгача Ўзбекистонга коронавирус кирганини рад этиб келаётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан бундай SMS’нинг келиши кўплаб фуқароларни хавотирга солмоқда. Хабарномада шундай дейилади:
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантиради: Коронавирусдан ўзингизни ва бошқаларни асранг! Қўлларни тез-тез совунлаб ювинг”.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу кунларда мамлакатдаги санитария-эпидемиологик ҳолатни янада кучайтирмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан мамлакатдаги 10 мингга яқин мактабда коронавируснинг олдини олиш ва унга қаршит курашиш бўйича қўшма қарор имзоланди.
Бугун ҳудди шундай қарор Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳам имзоланди. Унда олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида профилактик чора ва назоратни кучайтириш, ўқитувчи ва талабаларни ўқиш, малака ошириш ва тажриба алмашуви бўйича алоҳида кўрсатма бўлмагунча хорижга, айниқса, коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатларга чиқишларини чегаралаш, барча халқаро тадбирлар, олимпиадалар ва шу каби бошқа тадбирларни ҳам ўтказмаслик ва уларда қатнашиш учун чет мамлакатларга бормаслик ҳамда Ўзбекистонга келаётган чет эллик талаба ва ўқитувчиларнинг вақтинчалик киришини чегаралаш чораларини қатъий кўриш вазифалари белгиланган.
Ижтимоий тармоқларда бугун Фарғона ва Тошкентда коронавирус аниқлангани, бемор шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур гап-сўзларга нисбатан ССВ расмий муносабат билдиргани йўқ.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 79 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн, Афғонистон, Қувайт, Уммон, Бразилия, Хорватия, Швейцария, Австрия, Жазоир, Грузия, Греция, Швейцария, Шимолий Македония, Норвегия, Ирландия, Эстония, Доминикан Республикаси, Беларусь, Нигерия, Янги Зеландия, Монако, Люксембург, Литва, Қатар, Исландия, Чехия, Озарбайжон, Дания, Мексика, Эквадор, Сан Марино, Нидерландия, Лихтенштейн, Чили, Аргентина, Украина, Тунис, Саудия Арабистони, Марокаш, Латвия, Иордания, Арманистон, Андорра, Сенегал, Индонезия ва Руминияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Айни вақтда коронавирус билан оғриганлар дунё миқёсида 94149 кишини ташкил этмоқда. Вирус сабаб қурбон бўлганлар сони эса 3219 тага етди, 50871 киши эса ушбу вирусдан даволанишга муваффақ бўлди.