Алламжонов раислигидаги фонд туҳмат ва ҳақорат учун жарима миқдорларини кескин камайтиришни таклиф қиляпти
Жамият
−
04 Март 2020
5193Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПҚ-4551-сонли қарори асосида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жиноий жазо турини тайинлашни бекор қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилган эди.
Фуқаролик жамиятининг вакили сифатида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди туҳмат ёки ҳақоратнинг ҳар қандай шакли учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазонинг бекор қилинаётганини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Фонд журналист ва блогерларнинг фикрларини инобатга олиб, туҳмат ёки ҳақоратга оид жиноий жавобгарликни белгилаш масаласи юзасидан яна қуйидаги таклифларни билдирмоқда:
“Бизнинг фикримизча, энг аввало оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат ёки ҳақорат қилганлик учун Жиноят кодексида белгиланган алоҳида оғирлаштирувчи қисмни чиқариб ташлаш лозим. Ҳозирги ҳолатда ОАВ орқали қилинган туҳмат ёки ҳақорат тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Мазкур оғирлаштирувчи қисмни чиқариб ташлаб, журналистлар учун дастлаб жиноий эмас, балки маъмурий жавобгарликни белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Иккинчидан, амалдаги Жиноят кодексида туҳмат ёки ҳақорат учун белгиланган жарима жазоси миқдорлари жуда катта. Жумладан, умумий ҳолатда 44 млн сўмгача, оғирлаштирувчи ҳолатда эса 133 млн сўмгача жарима белгиланган. Шу сабабли мазкур жарима миқдорларини кескин камайтириш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, амалдаги қонунчиликда ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, бу оғирлаштирувчи банд сифатида тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Лекин аксинча ўз хизмат бурчини бажараётган шахслар бошқа фуқароларни ҳақорат қилса, бу дастлаб маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. Ушбу ҳолат ижтимоий адолат нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши ва мазкур кичик бандни чиқариб ташлаш таклиф этилади”.
LiveБарчаси