Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президентини мукофотлади

Жамият

image

Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида мамлакатда бўлиб турган Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чо Чунг Вонни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар бреди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда таэквондо билан мунтазам шуғулланувчилар сони деярли икки бараварга ошиб, 35 минг нафарга етди. Ўзбекистонликлар Париждаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ушбу спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Учрашув давомида Чо Чунг Вон Ўзбекистонда спортни жадал ривожлантириш, ёшлар орасида жисмоний тарбияни тарғиб этиш, замонавий инфратузилмани яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаган.

Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, профессионал спортчилар ва ҳакамларни тайёрлаш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, спорт тиббиёти борасида илғор тажрибаларни алмашиш ва нуфузли халқаро мусобақаларни Ўзбекистонда мунтазам ўтказиш масалаларини муҳокама қилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти мамлакатда таэквондони оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси, спорт орқали жаҳон халқларининг ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун Чо Чунг Вонни Ўзбекистоннинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган.

Чо Чунг Вон, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёевга спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Бутунжаҳон таэквондо федерацияси томонидан таъсис этилган олий шахсий мукофот – Шон-шараф орденини топширди.

Ушбу орден илк бор айнан Ўзбекистон раҳбарига тақдим этилгани, бу мамлакатда спортни, хусусан, таэквондони ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат бериши таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Чо Чунг Вон Шон-шараф ордени

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг