Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Жамият
−
21 Ноябрь 2023
4546Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, суҳбатда Ўзбекистон Республикаси билан Жанубий Корея ўртасидаги дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Унда турли ҳамкорлик форматларида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган. Хусусан, етакчи компанияларнинг кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ҳамда Жанубий Кореянинг банк-молия институтлари билан янги шериклик дастурини шакллантиришдан манфаатдорлик билдирилган.
Мулоқот давомида қўшма Ҳукуматлараро қўмита йиғилишини жорий йилнинг охиригача ўтказишга келишиб олинган.
Шунингдек, икки мамлакат етакчиларининг жорий йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош ассамблеяси йиғилиши доирасида ўтган учрашувида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентлари бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.
LiveБарчаси