Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Жамият
−
19 Август 2023
5289Президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрига боргач, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, дастлаб Виктор Орбан Шавкат Мирзиёевга Венгриянинг миллий байрами – авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда ҳамда шу кунларда Венгрия пойтахтида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги югуриш мусобақалари финалида шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдирган.
Ўзбекистон етакчиси ҳам ўз навбатида, Венгрия ҳукумати ва халқини миллий айёми билан қутлаган. Будапештда ўтказилаётган жаҳон биринчилиги ушбу мамлакат спорт соҳасида бой анъаналарга эгалиги ва кейинги йилларда бу борада юксак муваффақиятларга эришаётганининг далолати эканини алоҳида айтиб ўтган.
Учрашувда Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Унда амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган. Олий даражадаги келишувлар самарали амалга оширилмоқда, парламентлар, ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудий маъмуриятлар ўртасида сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилгани йтилган.
Шунингдек, мамлакатлар ўртасида ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналар кооперацияси кучаяётгани юксак баҳоланган.
Венгриянинг ОТP банки Ўзбекистон банк-молия бозорига кириб келгани стратегик аҳамиятга эга экани ҳамда Европа бизнеси учун муҳим ишора бўлгани эътироф этилган.
Бундан ташқари, Венгриянинг Bonafarm, Gedeon Richter, Meditop, Wizz Air каби йирик компаниялари Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестисиявий ҳамкорлик лойиҳаларида фаол қатнашмоқда.
Маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни янада илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.
Жорий йил 20 август кунидан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган муҳим воқеа бўлиши таъкидланган.
Минтақавий, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги кун тартиби юзасидан батафсил фикр алмашилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинган.