Шавкат Мирзиёев “Ўзгариш”даги ўзгаришлар билан танишди

Жамият

image

Бугун, 4 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Сергели туманидаги “Ўзгариш” маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда ерусти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар бугун маҳаллалар қиёфасида, одамларнинг кундалик ҳаётида яққол намоён бўлмоқда. Ўзгариш маҳалласи бу борадаги янгиланишларнинг ёрқин намунаси. Ушбу ҳудудда 45 та кўп қаватли уй, 1 минг 620 та хонадон мавжуд. Уларда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Маҳаллада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилиб, замонавий инфратузилма ва қулай ижтимоий муҳит яратилган. Хусусан, 10 та болалар майдончаси, мини-футбол майдони, 2 та саломатлик ҳудуди барпо этилган.

Давлат раҳбари маҳаллада ташкил этилган замонавий когенерация маркази фаолияти билан ҳам танишган.

Қайд этилишича, ушбу марказ куз-қиш мавсумида маҳалланинг иссиқлик ва электр энергияси таъминоти барқарорлигига хизмат қилади. Когенерация технологияси орқали табиий газдан аввал электр энергияси олинади, сўнг ажралган иссиқлик сув ва хонадонларни иситишга йўналтирилади. Бу энергия самарадорлигини ошириб, исрофгарчиликни камайтиради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 миллион долларни ташкил этади. Бу ерга Германияда ишлаб чиқарилган замонавий газ-поршенли қурилмалар ва қозонлар ўрнатилган. Марказ йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 80 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконига эга.

Лойиҳа доирасида 2 километр узунликдаги юқори кучланишли электр линияси қурилиб, умумий тармоққа уланди. Натижада туман марказий электр тармоғидаги юклама 3 фоизга камайган. Марказ ишга тушиши билан 10 та доимий иш ўрни яратилган.

Шу билан бирга, маҳалланинг умумий инфратузилмаси ҳам тубдан янгиланган. 1,4 километр пиёдалар йўлаклари барпо этилган, 12 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми таъмирланган, ички йўлларга асфальт ётқизилган. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида 2 минг 720 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилган.

Президент “маҳалла еттилиги” ва ҳудуд фаоллари билан самимий суҳбатлашган. Бу ердаги ўзгаришлар аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, маҳаллани обод ва хавфсиз масканга айлантиришга қаратилган ишлар натижаси экани таъкидланган.

“Кенг кўламли бунёдкорлик ишларимиз айнан мана шу Сергели туманидан бошланган эди. Ўз вақтида бу ҳудудга замонавий метро линиясини олиб келиш ташаббусини илгари сурганимизда, ушбу йирик лойиҳанинг истиқболига шубҳа билан қараганлар ҳам бўлгани сир эмас.

Бироқ бугун мана шундай кўркам ва обод масканларни, энг муҳими, сиз каби азиз юртдошларимизнинг мамнун чеҳраларини кўриб, танлаган йўлимиз қанчалик тўғри бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Бугунги ташрифимиздан мақсад ҳам сизлар билан бевосита мулоқот қилиш, таклиф ва ташаббусларингизни тинглашдир”, дейди Президент.

Давлат раҳбари йўл-йўлакай Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан ҳам танишган.

Замонавий шаҳарсозликда мавжуд инфратузилмадан оқилона фойдаланиш, бўш майдонларни аҳоли учун қулай, иқтисодиёт учун самарали масканларга айлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ер усти метро йўли остидаги 5,7 гектар майдон тубдан янгиланган.

Бу ерда 137 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 250 та янги иш ўрни яратилган. Метро остида 4 километр пиёдалар ва велосипед йўлаги, 2 та болалар майдончаси ва спорт зоналари ташкил қилинган. Аҳоли ҳордиқ чиқариши учун 100 та ўриндиқ ва 40 та замонавий манзарали чироқ ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманининг “Иттифоқ” маҳалласидаги Янги Сергели кўчасида амалга оширилган ишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг