Шавкат Мирзиёев тўқимачилик саноати бўйича қарор қабул қилди. Нималар ўзгаради?
Жамият
−
05 Май 2020
7598Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда карантин шароитини босқичма-босқич юмшатишга оид таклиф ва таҳлиллар асосида бундан буён амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.
Корхоналар барқарор ишлаб кетиши учун уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра:
- тўқимачилик корхоналари ва кластерларини янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш мақсадида хомашё нархини 10 фоизгача пасайтириш имкониятини берувчи халқаро биржа нархларига ўтилади;
- 1 апрелга қадар ички бозорда сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилди;
- тўқимачилик корхоналари экспорт қилган маҳсулот республикадан чиқиб кетиши билан қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтарилади;
- соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди.
Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш, йирик, камида 1 мингта одам ишлайдиган, халқаро бренд остида ишлаб чиқарувчи замонавий йирик тўқимачилик ва тикув кластерларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.