Шавкат Мирзиёев Термизда қурилган кўп қаватли уйларда меҳмон бўлди

Жамият

image

Бугун, 2 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳрида қурилган кўп қаватли уйларни бориб кўрди.

Ушбу 9 қаватли уйларда 208 та хонадон бор. Бино фасади уч қопламадан иборат бўлиб, уйлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Биринчи қаватда савдо ва сервис шохобчалари жойлашган.

Уйларга хизмат кўрсатиш учун бошқарув компанияси ташкил этилган. У ерда электр, газ, лифт ва сантехника усталари навбатчилиги йўлга қўйилади. Шунингдек, компания ҳузурида ўқув маркази ҳам бўлиб, ёшлар кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган ишчи касбларни ўрганиши мумкин.

Бу ерга илк оилалар кўчиб кела бошлади. Уларнинг айримлари хонадонларни давлат томонидан берилган имтиёзлар асосида олган.

Давлат раҳбари шундай икки оила - Наргиза Раҳимова ҳамда Фарруҳ Эгамовнинг хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди.

"Сиёсатимизнинг энг катта талаби маҳаллаларда юриб, одамларнинг муаммоларини эшитиб, уларни ҳал этиш. Бугун ҳам Сурхондарё бўйича катта режалар белгиладик. Ҳаммасининг тагида битта нарса - инсон манфаати бор. Энди бу уйларни аҳолига адолатли бериш керак. Адолат бўлса, қадрига етади", деди Шавкат Мирзиёев.

Умуман, бу йил Сурхондарё вилоятида 3 минг 500 квартирали кўп қаватли уйлар қурилади. 1 минг 460 та оилага ипотека учун субсидия берилади.

Шу билан Президентнинг Сурхондарёга ташрифи якунига етди. Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг