Шавкат Мирзиёев сўз ва матбуот эркинлиги ортга қайтмаслигини айтди

Жамият

image

Ўзбекистон ўз зиммасига олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 31 август куни Кўксарой қароргоҳида ўтган маросимдаги нутқида гапирди. 

“Тараққиёт кушандаси бўлмиш иллат – коррупция қарши мамлакатимизда кенг кўламли кураш олиб борилмоқда. Шу борада янги тузилма, коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этганимиз, бу масаланинг долзарблиги ва доимий эътиборимизда бўлишидан далолат беради”, дейди давлат раҳбари. 

Шавкат Мирзиёевга кўра, мамлакатда сўз ва матбуот эркинлиги, шунингдек, жамоатчилик назорати борасида бошланган ишлар ортга қайтмайди.  

“Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти, идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олганини бугун яна бир бор таъкидламоқчиман”, дейди Президент. 

Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, расмий Тошкент халқаро мажбурия ва келишувларни бажариб келаётганини айтди. 

“Барчангиз хабардорсиз. Ҳозирги мураккаб шароитга қарамасдан биз зиммамизга олган барча халқаро мажбуриятлар ва келишувларни тўлиқ бажариб келмоқдамиз. Хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқдамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Президент коронавирусга қарши курашда Ўзбекистонга амалий ёрдам кўрсатгани учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Япония ва бошқа ҳамкор давлатларга Ўзбекистон халқи номидан миннатдорлик билдирди.  

Қолаверса, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкига ташаккурини изҳор қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг