Шавкат Мирзиёев саноат ўсиши паст туманларни “оёққа турғазиш”ни топширди
Жамият
−
15:29 2093 2 дақиқа
Ўзбекистондаги вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари саноат ўсиши паст туманларга бориб, бир ой шу ерда қолиб ишлайди. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўз раислигида ўтаётган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда мутасаддиларга топшириқ берди.
Йиғилишда ҳудудий саноатни ривожлантириш бўйича вилоят, туман ҳокимларига ҳам саволлар кўплиги қайд этилган. Сўнгги уч йилда жами инвестициялар 1,8 баробарга кўпайган. Лекин айрим туманларда инвестициянинг саноатга таъсири кўринмаётгани танқид қилинган.
Масалан, Карманада инвестиция йилига 50 фоиздан ўсиб боргани билан саноати атиги 4 фоиз ошган. Хусусан, фаолият юритаётган 495 та корхонадан 470 тасида расмий ишчилари 5 нафарга ҳам етмайди, фаолият тўхтаган деб ҳисобот топширган 20 та корхона электр ва газдан ҳалигача фойдаланяпти. Зафаробод туманида ҳам шу аҳвол. Инвестиция 4 баробар ўсган, лекин саноатда ўзгариш йўқ.
Умуман, уч йилда республика саноати 21 фоизга ўсган бўлса, Хатирчи, Кармана, Учқўрғон, Бағдод, Оққўрғон, Бўка, Узун, Жарқўрғон, Яккабоғ, Паяриқ, Мирзаобод ва Зафарободда бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмаган.
Ушбу туманлар жойлашган вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига 12 та туманга бориб, бир ой шу ерда қолиб ишлаш, ишлаб чиқариш пасайган корхоналарни “оёққа турғазиш”, ушбу туманлар саноатида бу йил ўсиш суръатини ошириш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда аҳолининг маҳаллий автомобилларга талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкаси пасайтирилиши ва ҳажмини ошириш чораси кўрилиши юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилган эди.
Live
Барчаси