Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси ғолибларини табриклади

Спорт

−

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Олимпиадаси мусобақаларида иштирок этган ёш спортчилар, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ўз табригида мазкур мусобақалар нафақат спортда биринчилик учун кураш, балки ёшлар тарбияси ва маънавиятини юксалтиришга хизмат қилган муҳим тадбир бўлганини таъкидлаган.

“Азиз фарзандларим! Ҳурматли ота-оналар, қадрли устоз ва мураббийлар! Аввало, барчангизни мамлакатимиз спортида муҳим воқеага айланган Президент Олимпиадаси мусобақаларида муносиб иштирок этганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Ушбу нуфузли беллашувлар фақат биринчилик учун курашиш эмас, теран фалсафага эга бўлган тарбия ва маънавият анжумани сифатида ҳам ўтганини таъкидлаш лозим. Қизғин руҳдаги мусобақалар ўғил-қизларимиз ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстлик муҳитини янада мустаҳкамлаб, уларнинг спорт ва ҳаёт ҳақидаги билимларини, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини юксалтиргани айниқса муҳимдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг қайд этишича, мусобақалар ёш спортчилар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

“Икки ҳафтадан ортиқ вақт мобайнида кечган муросасиз беллашувларда қайд этилган юқори натижа ва рекордлар мусобақаларга бўлган қизиқишни янада оширди”, дейди давлат раҳбари.

Табрикда бир қатор спортчиларнинг натижалари алоҳида эътироф этилган. Жумладан, қашқадарёлик Кумуш Кўчкинова дзюдо ва кураш бўйича иккита олтин медални қўлга киритган. Тошкентлик Айша Енина эса бадиий гимнастикада учта олтин, битта кумуш ва битта бронза медалига сазовор бўлган.

Шунингдек, оғир атлетикачи Муштарий Ўролова 60 килограммдан юқори вазн тоифасида даст кўтаришда 109 килограмм, силтаб кўтаришда 136 килограмм ва икки кураш якунига кўра 245 килограмм натижа қайд этиб, жаҳон рекордини ўрнатгани таъкидланган. Шердор Эшпўлатов, Икром Мўминбоев, Беҳрўз Ҳасанов, Солиҳа Баҳодирова, Дилфуза Йўлдошева ва Зуҳра Иброҳимова эса Ўзбекистон рекордларини янгилаган.

Парасузиш баҳсларида андижонлик Ҳикматулла Ҳайдаралиев ва қорақалпоғистонлик Шаҳноза Ережепбаева тўрттадан олтин медални қўлга киритган. Сирдарёлик енгил атлетикачи Дурдона Жуманқулова эса учкураш баҳсларида 2014 очко жамғариб, 14 ёшли спортчилар ўртасида энг юқори натижага эришган.

Шавкат Мирзиёев бугун спорт майдонларида тобланаётган ёшлар келгусида қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч билдирган.

“Ўз кучингизга бўлган ишончни ҳеч қачон йўқотманг, ўз устингизда ишлашдан асло тўхтаманг! Ҳақиқий чемпионлар, чинакам алп паҳлавонлар фақат ғалаба билан эмас, балки қийинчиликларни мардона енгиб, мақсад сари қатъий интилиши билан ҳам ибрат ва намуна кўрсатади. Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, туганмас куч-ғайрат ва келгуси мусобақаларда янада юксак зафарлар ёр бўлсин, азиз фарзандларим”, дея ёшларга мурожаат қилган Президент.

Давлат раҳбари мусобақаларда мағлублар бўлмаганини таъкидлаб, ҳар бир иштирокчи муҳим тажриба ва билим тўплаганини қайд этган. Шунингдек, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаб келаётган ота-оналар, устоз ва мураббийларга миннатдорлик билдирган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг