Шавкат Мирзиёев Нарендра Моди билан онлайн-мулоқот қилди
Жамият
−
11 Декабрь 2020
4128Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 декабрь куни Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди.
Саммит кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестицивий, молиявий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган. Шунингдек, жаҳондаги вазият ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Икки мамлакат етакчилари бир-бирларини қутлаб, ушбу онлайн-тадбир Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилганининг далили, пандемия оқибатларини самарали енгиб ўтиш учун маслаҳатлашиб олиш ва биргаликда янги ўсиш нуқталарини белгилаб олиш учун имконият эканини таъкидлаганлар.
Мулоқотда олий даражадаги мунтазам мулоқотлар ва амалий саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда катта ютуқлар қўлга киритилгани, ушбу шериклик аниқ амалий мазмун билан бойигани мамнуният билан қайд этилган.
Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасида фаол алмашинувлар давом этмоқда. Жорий йилда Мувофиқлаштириш қўмитаси ва Ҳукуматлараро комиссиянинг қўшма йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамда “Марказий Осиё - Ҳиндистон” мулоқотининг иккинчи учрашуви муваффақиятли ўтказилган.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда. Глобал инқирозга қарамай, шу йил бошидан товар айирбошлаш етти фоизга кўпайган.
Инвестициялар, инновациялар, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа устувор йўналишларда муҳим лойиҳа ва дастурлар амалга оширилмоқда. Кейинги бир неча йилнинг ўзида қўшма корхоналар сони кўпайган, Тошкент ва Андижон шаҳарларида Ҳиндистоннинг етакчи Амити ва Шарда университетлари филиаллари очилган.
Мамлакатларнинг ёндашувлари яқин, улар халқаро ва минтақавий бирлашмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилиб, бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Бош вазир Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани билан самимий табриклаб, ушбу ютуқ мамлакатда амалга оширилаётган демократик янгиланишларнинг халқаро эътирофи эканини таъкидлади.
Музокаралар чоғида давлат етакчилари сиёсий соҳада тизимли, ишончга асосланган мулоқотни давом эттириш, жумладан, икки мамлакат ташқи сиёсат идораларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш ва улар ўртасидаги ҳамкорликнинг ўрта муддатли дастурини қабул қилиш муҳимлигини қайд этган. Парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи илгари сурилган.
Учрашувда савдо-иқтисодий алоқаларда асосий мақсад сифатида яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.
Ўзаро савдонинг ортиши учун қулай шароитлар яратиш, бу йўлдаги техник тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олинган.
Самарали транспорт йўлаклари ва логистика инфратузилмасини шакллантириш, авиақатновларни тиклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, истиқболли инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, жумладан, Ҳиндистоннинг етакчи ташкилотлари илғор технологиялари, техник кўмаги ва имтиёзли молиявий ресурсларини жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, инновациялар, муқобил энергетика, фармацевтика ва тиббиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, космик тадқиқотлар устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди, шунингдек, Андижон вилояти ва Гужарат штатининг муваффақиятли шериклиги мисолида ҳудудлараро алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Гуманитар соҳада томонлар таълим ва кадрлар тайёрлаш, кинематография, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни ривожлантириш, миллий маданият ва тилни ўрганиш, тарихий мерос объектларини реставрация қилиш борасидаги қўшма дастурларни қўллаб-қувватлайдилар.
Ўзбекистон ҳудудларида “Аюрведа” ҳинд табобати анъанавий тизими ва телетиббиётни жорий этган ҳолда замонавий тиббиёт марказларини ташкил этиш таклиф этилди. Ҳиндистон томони Ўзбекистон йога федерацияси фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган бўлди.
Саммит давомида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хатарларга қарши курашишнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди. Яқиндан мувофиқлашув ва ахборот алмашинувини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан тартибга солиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир Нарендра Модига келгуси йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни яна бир бор таклиф этди.
Икки мамлакат етакчилари ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган ҳамда ҳамкорликда улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатган онлайн-музокаралар натижаларидан ғоятда мамнун эканликларини билдирдилар.
Саммит якуни билан томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикаси ўртасидаги яқин дўстлик ва мустаҳкам шериклик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.
Бундан ташқари, учрашув доирасида иқтисодиёт, инновациялар, молиявий-техник кўмак, божхона иши ва савдони техник тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга доир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.