Президент Мустақиллик байрами арафасида хориждаги бир гуруҳ ватандошларни мукофотлади
Жамият
−
28 Август 2020
10784Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан чет эл фуқаролари ва хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, гуманитар соҳадаги кўп йиллик самарали ҳамкорликни ҳамда академик ва илмий-таълим алмашувлар бўйича узоқ муддатли дастурларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашдаги шахсий ҳиссаси, шунингдек, халқаро муносабатлар ва иқтисодиёт соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги бевосита иштироки учун мукофотлансин:
“Дўстлик” ордени билан
Торкунов Анатолий Васильевич – Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти ректори (Россия Федерацияси)
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ривожига ва кўпқиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган катта ҳиссаси, Ўзбекистон Республикасидаги иқтисодий ислоҳотларни самарали амалга оширишга қаратилган муҳим ташаббус ва амалий саъй-ҳаракатлари, Япониянинг етакчи компания ва ташкилотлари иштирокида мамлакатимиздаги устувор ижтимоий, инфратузилма ва сармоявий лойиҳаларни, қўшма маданий-гуманитар дастурларни рўёбга чиқаришга кўрсатаётган улкан кўмаги учун мукофотлансин:
“Дўстлик” ордени билан
Таро Асо – Япония Бош вазири ўринбосари, молия вазири, Япония парламентидаги Ўзбекистон билан Дўстлик лигаси раиси (Япония)
Ўзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришдаги амалий кўмаги, халқлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини англаш ва қўллаб-қувватлаш тамойилларини мустаҳкамлаш, дўстлик ва маданий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун мукофотлансин:
“Дўстлик” ордени билан
Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ – Қоҳира университетининг археология факультети профессори (Миср Араб Республикаси)
Мавланов Шухрат Қурвантаевич – “Росагрокомплекс” масъулияти чекланган жамияти бош директори (Россия Федерацияси)
Марк Эдвард Риз – Шарқшунос олим, ўзбек адабиёти таржимони (АҚШ)
Махмудова Камола Абдумаликовна – Европа тикланиш ва тараққиёт банки катта банкири
Муҳаммадзода Ҳусейн Сиддиқ – Навоийшунос олим ва адиб (Эрон Ислом Республикаси)
Пракаш Кежривал – “Indorama Corporation Pte. Ltd” компанияси директори (Сингапур Республикаси)
Элис Уэллс – “Еххоn Mobil2 компаниясининг халқаро ҳамкорлик бўйича катта маслаҳатчиси (АҚШ)
Ўзбекистон Республикасида илғор хорижий тажриба, илм-фан ва технологиялар асосида замонавий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлари, коронавирус пандемиясига қарши самарали курашни ташкил этишда кўрсатган амалий ёрдами учун мукофотлансин:
I даражали “Саломатлик” ордени билан
Линь Сюэжун – Тошкент шаҳридаги "Ўзбек-Хитой анъанавий тиббиёт маркази" бошқаруви раиси, “Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co., Ltd” президенти (Хитой Халқ Республикаси)
Филиз Эрдоған Марашлиоглу – “Kanimed Saglik Cozumleri LTD” компанияси бошқарув кенгаши раиси (Туркия Республикаси)
Цой Чжэ Ук – Корея университетининг профилактик тиббиёт кафедраси профессори, Корея тиббиёт ассоциацияси ҳузуридаги “COVID-19” коронавирусига қарши чоралар кўриш бўйича Штаб маслаҳатчиси (Корея Республикаси)
Ўзбекистон Республикасининг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари суриш ва уларни амалга ошириш, устувор иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириш, шунингдек, хорижий давлатлар билан дўстлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун мукофотлансин:
“Келажак бунёдкори” медали билан
Асадуллаев Ҳуснулла Шухратилла ўғли – Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Хитой Халқ Республикасидаги вакили
Бабажанов Бунёдбек Улуғбек ўғли – Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Россия Федерациясидаги вакили
“Шуҳрат” медали билан
Арисланов Саидахмад Саидахрорович – АҚШдаги “ASO Systems” компанияси раҳбари
Бедиев Камолиддин Асомиддинович – Берлин шаҳридаги Херрман-Шульц номидаги мактабнинг немис тили фани ўқитувчиси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германия Федератив Республикасидаги вакили
Зуфаров Шерзод Сабирович – Франциянинг “Société Générale” банки хусусий секторга сармоя киритиш фонди вице-президенти
Ибрагимов Бунёдбек Абдушарипович – Ўзбекистон ва Нагоя дўстлик жамияти муассиси ва директори
Исмаилов Бахром Бахтиёрович – Москва шаҳридаги “Саховат” хайрия фонди директори (Россия Федерацияси)
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан давлат мукофотлари тантанали вазиятда топширилишини ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев